Жаҳон | 11:04
3029
2 дақиқада ўқилади

Uber Ҳиндистонда сув таксиси хизматини ишга туширди

Хизмат учун маҳаллий шикара қайиқларидан фойдаланилади.

Фото: REUTERS/Sharafat Ali

Uber энди Ҳиндистонда сув таксиси хизматини таклиф этмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди. Транспорт воситаси сифатида маҳаллий шикара қайиқлари танланган. Улар Кашмир минтақасидаги Дал кўли бўйлаб ҳаракатланади.

Хизмат Dal Lake Shi деб аталади. Қайиқни режалаштирилган саёҳатдан камида 12 соат олдин Uber иловаси орқали банд қилиш мумкин. Ҳозирги кунда кўл бўйлаб 4000 га яқин шикара қатнамоқда.

Барча қайиқлар сайёҳларга мўлжалланган. Uber бу ғояни замонавий технологиялар билан маҳаллий анъаналарнинг уйғунлашуви сифатида тақдим этмоқда. Сафар учун тўловлар бевосита шикара эгаларига бориб тушади — Uber ҳеч қандай комиссия олмайди.

Қайиқ эгалари бу ташаббусга турлича муносабат билдирди. Айримлари Uber билан ҳамкорлик қилиш нарх-наво устида тортишувлар ва фирибгарликнинг олдини олишга ёрдам бериши мумкинлигини айтса, бошқалари бу ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини таъкидламоқда.

Uber биринчи марта автомобилларга муқобил вариант таклиф қилаётгани йўқ. 2019 йилда компания вертолёт-такси хизматини ишга туширганди. 2024 йилнинг ёзида Uber бутун Европа бўйлаб қайиқ ва кемаларни банд қилиш имкониятини тақдим этди. Бундан ташқари, баъзи мамлакатларда хизмат орқали скутерларни ижарага олиш ва авиачипталарни бронь қилиш ҳам мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Американинг ихчам самолётлар ишлаб чиқарувчи Joby Aviation компанияси 2025 йил охиригача Ню Йорк ва Лос Анжелесда “ҳаво таксиси”ни ишга туширишни режалаштиряпти.

Дастлабки маълумотларга кўра, саёҳат нархи Uber Black тарифи даражасида бўлади – тахминан 100−200 доллар. Кейинчалик бу Uber XL тарифи нархларига тушиши мумкин – 50-100 доллар.

Мавзуга оид