Жамият | 13:34 / 12.06.2017
12190
2 дақиқада ўқилади

Қарийб 26 млн сўмлик ўғирлик фош этилди

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Тошкентда 25 миллион 714 минг сўмлик ўғирлик фош этилди. Тошкент ИИББ берган хабарга кўра, Обид Камилович Казаков 2017 йил 7 июнь куни тахминан соат тонгги 5ларда ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида Яшнобод тумани ҳудудида жойлашган хусусий корхона биносига ғайриқонуний равишда кирган. Ўғри у ердан фуқаро Бахтиёр Умаровга тегишли бўлган баҳоси 25 млн 714 минг сўмлик мол-мулкни ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинмоқчи бўлган.  Шу вақтда ушбу ҳудудда тунги хизматни олиб бораётган Яшнобод тумани ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далил билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми «г» банди (ўғирлик, яъни ўзганинг мол-мулкини уй-жойига ғайриқонуний равишда кириб, талон-торож қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Шу муносабат билан, Тошкент ИИББ юқоридаги шахснинг хатти-ҳаракатидан жабр кўрганлар бўлса, «102» телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига мурожаат этишларини сўрайди. 

Мавзуга оид