Ўзбекистон | 19:15 / 15.06.2017
25142
2 дақиқада ўқилади

Сентябрда ЎФФ президенти ўзгариши мумкин

Шу йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон футбол федерациясида навбатдаги Конференция бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎФФ Ижроия қўмитаси бюросининг қарори қабул қилган.

Ташкилот матбуот хизмати берган хабарга кўра, Конференция кун тартибидан ташкилот президентлиги ва бошқа раҳбарлик лавозимлари учун сайлов ўтказиш ўрин олган.

Шунингдек, ЎФФ структурасини ўзгартириш ва кадрлар масаласини қайта кўриб чиқиш,  мамлакат футболини ислоҳ қилиш бўйича дастурларни тузиб чиқиш каби долзарб масалалар кўриб чиқилади.

Бироз олдинроқ ЎФФ матбуот хизмати миллий терма жамоа бош мураббийи Самвел Бабаянга вазифаларни бажариш учун имкон берилиши ва у камида 5 сентябрга қадар бош мураббий бўлиб қолишини маълум қилганди.

Маълумот учун, ЎФФга 2006 йилдан буён Мираброр Усмонов бошчилик қилиб келмоқда. Охирги вақтларда унинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида хабарлар тарқалган. У шу йилнинг январида Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлигидан кетганди ва унинг ўрнига «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Алишер Султонов тайинланганди

Мавзуга оид