Жамият | 19:08 / 15.06.2017
11860
3 дақиқада ўқилади

Юнусобод ва Яшнободда босқинчилар ушланди

Тошкент шаҳар ИИББда профилактика куни муносабати билан матбуот брифинги бўлиб ўтди. Унда шаҳар ИИББ томонидан жиноятчиликларнинг олдини олиш, унинг профилактикаси бўйича ахборот берилди. 

Хусусан, 2017 йилнинг 08 июнь куни, Юнусобод тумани ҳудудида номаълум шахс фуқаро Д.га, ўзини  “туман электр тармоқлари корхонаси ходими” деб таништирган ҳолда алдов йўли билан хонадонга кириб, Давроновнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, хонадондан 1 млн сўм ва 400 АҚШ доллари миқдоридаги нақд пулларни босқинчилик йўли билан эгаллаб воқеа жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми (босқинчилик) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган. Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида 9 июнь куни, мазкур жиноятни содир қилган - 1971 йилда туғилган Мўминов Азим Жуманиёзович қўлга олиниб, ундан далилий ашё сифатида пул маблағлари олинди. Мўминовга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, ҳозирда унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. 

2017 йилнинг 11 июнь куни, Яшнобод туманида муқаддам талончилик жинояти учун судланган Раджапов Жамолиддин жиноий шериги Жунисов Жумадилла билан биргаликда фуқаро Исаевга пичоқ тираб, ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, баҳоси 1млн 500 минг сўмлик “LG G-3” русумли уяли телефон аппаратини босқинчилик йўли билан талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинганлар.

ИИББ ходимлари томонидан олиб борилган тергов-тезкор тадбирлар натижасида Раджапов ва Жунисовлар қўлга олиниб, улардан “LG G-3” уяли телефон аппарати далилий ашё сифатида олинди.

Яшнобод ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 164-моддаси (яъни, босқинчилик) аломатлари билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида ушбу шахслар, 10 июнь куни фуқаро Ринатовга нисбатан айнан шу усулда босқинчилик содир этиб, “Redmi-4” русумли уяли телефон аппарати ва 50 минг сўм миқдордаги нақд пулларини талон-тарож қилганликлари аниқланган. Улардан “Redmi-4”русумли уяли телефон аппарати далилий ашё сифатида олинган.

Ҳозирда мазкур жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда. 

Шу муносабат билан, шаҳар ИИББ юқоридаги суратлари эълон қилинган шахслардан азият чекканлар бўлса, яқин орадаги ички ишлар идораларига мурожаат этишлари ёки “102” рақамига қўнғироқ қилишларини сўрайди. 

Мавзуга оид