Жаҳон | 03:07 / 16.06.2017
27867
4 дақиқада ўқилади

Америка полицияси Эрдўған тансоқчиларини ҳибсга олиш ҳақида ордер берди

АҚШ полицияси Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг май ойида Вашингтонда намойишчиларни калтаклаган тансоқчиларини ҳибсга олиш ҳақида ордер берган. Бу ҳақда Associated Press хабар тарқатмоқда.

Вашингтон полицияси раҳбари Питер Ньюзэмнинг айтишича, Эрдўған тансоқчиларидан тўққиз нафари ва турк полициясининг икки зобити ва яна икки нафар Канада фуқароси қидирувга берилган.

Вашингтон полицияси раҳбари Питер Ньюзэм ва шаҳар мэри Мюриэль Боузернинг қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтишларича, Эрдўған тансоқчиларини ҳибсга олиш учун ордер уларнинг Америка пойтахтида намойишчилар билан тўқнашувда қатнашганлари сабабли берилмоқда. Полиция раҳбари қидирувга берилганларни Америкага келиб, қонун олдида жавоб беришга чорлаган.

Эрдўғаннинг ўзи ордер чиқарилишига қарши кескин муносабат билдирган ва Анқара бунга қарши сиёсий ва юридик усуллар билан курашишини таъкидлаган ва Вашингтон полициясининг ушбу қарорини қуйидагича изоҳлаган:

«Мен АҚШда бўлиб турганимда КИП (Курдистон ишчи партияси» ва ФЕТО («Футҳуллоҳчилар террорчилик ташкилоти») аъзолари мен турган жойдан 40–50 метр нарида акция уюштиришди. Америка полицияси ҳеч қандай чора кўргани йўқ. Туркияда (Трамп билан — таҳ.) шундай ҳолат юз берса нима бўлишини тасаввур қилиб кўра оласизларми? Кеча икки нафар ватандошимизни ҳибс этишибди, бугун яна 12 нафар тансоқчимга нисбатан ҳибсга олиш тўғрисида ордер берилибди. Бу ахир қандай қонун бўлди? Агар тансоқчиларим мени қўриқлашмаса, уларни Америкага олиб бориб нима қиламан?» — дея CNN Turk телеканли Анқарадаги президент саройидан Эрдўғаннинг сўзларини келтирмоқда.

Турк телеканали Американинг Анқарадаги элчиси Жон Басс Туркия ташқи ишлар вазирлигига чақирилганини хабар берган.

«АҚШ ҳукумати 16 май куни Туркиянинг Вашингтондаги элчихонаси олдида рўй берган воқеа туфайли бир неча нафар турк ватандошлари, жумладан, президентни қўриқлаш хизмати ходимларини ҳибсга олиш бўйича чиқарилган ордер юзасидан АҚШнинг Анқарадаги элчиси ТИВга Туркия ташқи ишлар вазири ўринбосари Умит Ёлчин билан учрашиш учун чақирилди. АҚШ элчисига бу қарор нотўғри ва адолатсиз эканлиги, ҳеч қандай ҳуқуқий асосларга эга эмаслиги тушунтирилди», дейилади ТИВ баёнотида.

16 май куни, Эрдўғаннинг Вашингтонга ташрифи доирасида турк элчисининг АҚШдаги ваколатхонаси олдида тўқнашувлар юз берган эди. The Guardian маълумотларига кўра, муштлашувда Туркиянинг ҳозирги ҳукуматига қарши бўлганлар ва Эрдўған тарафдорлари, жумладан, унинг тансоқчилари қатнашишган. Hürriyet Daily News’нинг хабарига кўра, тўқнашув Эрдўғаннинг тарафдорлари ва унга қарши бўлганлар орасида бўлиб ўтган.

Тўқнашув натижасида тўққиз нафар инсон жароҳатланган, уларнинг икки нафари оғир тан жароҳати олган.

Воқеа юз берган жойдан олинган видеоёзувларда кўринишича, Эрдўған шахсан ўзи тансоқчилари намойишчиларни калтаклаётганини кузатиб турган. АҚШ давлат департаменти воқеа юзасидан Туркияга эътироз билдирган. Анқара эса ўзига қўйилаётган айбларни рад этиб, воқеа АҚШ ҳукуматининг зарур хавфсизлик чоралари кўришни истамагани учун юз берганини таъкидлаб келмоқда. Туркиянинг АҚШдаги дипломатик миссияси эса ушбу воқеада Туркияда тақиқланган Курдистон ишчи партияси намойишчиларини айбламоқда.

Мавзуга оид