Фан-техника | 19:49 / 19.06.2017
14104
2 дақиқада ўқилади

Airbus учар такси қандай ишлаши видеосини намойиш қилди

Фото: motor.ru

Airbus компанияси бўлимларидан бири шуғулланаётган Vahana учар таксиси яратувчилари ноодатий транспортдан қандай қилиб фойдаланиш видеосини намойиш қилишди. Роликда йўловчи нуқтаи назаридан учувчисиз таксидан фойдаланиш схемаси тақдим қилинган. 

Барчаси таксини смартфондаги дастур орқали чақиришдан бошланади. Мижоз бориладиган манзилни киритгандан кейин такси ҳаво трафигини ҳисобга олган ҳолда унгача борадиган йўлни автоматик тарзда қуриб чиқади.

Дрон мижозга энг яқин парковкага қўнади, бу эса бино томи бўлиши мумкин. Учишдан олдин электроника учиш қурилмасининг барча тизимлари диагностикасини ўтказади.

Airbus учувчисиз учар такси яратаётгани ҳақида 2016 йилда эълон қилган. Vahana ўзидан бир ўриндиқли дронни намоён қилиб, у ҳаводаги бошқа объектларни мустақил равишда аниқлашга ва у билан тўқнашувдан қочишга қодир.

Такси айланувчи парраклар ҳисобига вертикал тарзда учиб-қўнади. Таксининг қолган техник тафсилотлари ҳақида ҳозирча ҳеч нарса маълум қилинмаган.

Лойиҳа яратувчилари таксининг прототипларини йил охиригача синовдан ўтказишмоқчи.

Аввалроқ Хитойнинг Ehang фирмаси учар таксилари ҳақида маълум қилинганди. Бу таксилар 2017 йил ёзидаёқ Дубайда ишлашни бошлаши керак. Ушбу такси ҳам бир ўриндиқли бўлиб, оғирлиги 250 кг ни ташкил қилади ва 100 кг гача юк таший олади. Қурилма электр куч қурилмаси билан жиҳозланган бўлиб, унинг қуввати 50 км парвозга ёки тахминан 23 дақиқага етади. 

Мавзуга оид