Жаҳон | 07:48
4816
3 дақиқада ўқилади

Жаҳон авиабозоридаги талаб: Boeing ва Airbus’нинг 2025 йилги буюртма китоби

Дунёда энг кўп самолётни ким сотиб оляпти? Авиасозлик гигантлари Boeing ва Airbus 2025 йил учун ўз буюртмалар китобларини (order book) эълон қилди. Унда қайси авиакомпаниялар, лизинг компаниялари ва давлат тузилмалари тижорий ҳаво кемаларига буюртма бергани кўрсатилган.

Фото: iStock

Тақдим этилган инфографика йил давомида Airbus ва Boeing самолётларининг асосий харидорларини яққол акс эттиради.

Визуализация, шунингдек, ҳар бир мижоз буюртмани қайси ишлаб чиқарувчига — фақат Boeing’га, фақат Airbus’га ёки иккаласига бирдек берганини ҳам кўрсатади. Рангли кодлаш харидор турларини фарқлашга ёрдам беради: алоҳида авиакомпаниялар ва авиагуруҳлардан тортиб, лизинг компаниялари ва юк ташувчи операторларгача. Qatar Airways очиқ кўрсатилган буюртмачилар орасида энг йириги бўлиб, 161 та самолётга буюртма берган. Бироқ умумий ҳисобда энг катта сегмент “ошкор этилмаган” деб белгиланган харидорлар бўлди — икки ишлаб чиқарувчи бўйича жами 469 та самолёт айнан шу тоифага тўғри келди.

Харидорлар кўпинча стратегик режаларини ҳимоя қилиш, регулятор тасдиқларини олиш даврида ёки лизинг битимларида (якуний авиакомпания ҳали аниқланмаган ҳолатларда) “ошкор этилмаган” деб кўрсатилади. Шунга қарамай, ишлаб чиқарувчилар бундай буюртмаларни талабни реал акс эттириш учун статистикага киритади, бир вақтнинг ўзида мижоз махфийлигини ҳам сақлайди. Талаб шаклланишида Avolon, BOC Aviation ва Macquarie каби лизинг компаниялари ҳам катта рол ўйнади.

Харидор тоифалари бўйича қаралганда, буюртмаларнинг асосий улуши авиакомпаниялар ҳиссасига тўғри келди — улар 1 200 тадан ортиқ буюртма жойлаштирган. Шу билан бирга, 400 тадан ортиқ самолёт лизинг берувчилар ҳиссасига тўғри келиб, улар ҳам сезиларли ҳисса қўшди. Бу компаниялар ҳаво кемаларини кейинчалик авиатаъминловчиларга ижарага бериш учун сотиб олади ва авиация экотизимида молиявий воситачи вазифасини бажаради.

Фото: Visual Capitalist / Julie R. Peasley

Ҳарбий ва давлат буюртмачилари статистикада камроқ ҳажмда намоён бўлди, аммо уларнинг роли барибир кўзга ташланади. АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари (ҲҲК), шунингдек Европа мамлакатлари ва АҚШнинг мудофаа идоралари алоҳида мақсадли харидлар қилди — бу ёнилғи қуйиш самолётлари ва мудофаа инфратузилмасининг айрим элементларига бўлган эҳтиёж сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Дунё авиақатновлари кўплаб минтақаларда 2019 йил даражасидан ошгани сари, авиакомпаниялар янги, ёнилғи бўйича тежамкор самолётларга фаол сармоя киритмоқда. Осиёда VietJet, Korean Air ва China Airlines каби ташувчилар паркларини жадал кенгайтирмоқда. Шу билан бирга, Шимолий Америка авиакомпаниялари — жумладан Alaska Airlines ва WestJet ички ва чегараорти йўналишлар учун флотни янгилаяпти.

Тармоқ тикланиб бораётган бир пайтда Boeing ва Airbus ўртасидаги рақобат кескинлигича қолган. Бироқ талабнинг кескин ўсиши жаҳон авиация саноати учун умумий ҳисобда ижобий истиқболлар борлигини англатади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид