Жамият | 19:10 / 19.06.2017
86439
8 дақиқада ўқилади

Йўқотилган авлод ёхуд 11 йиллик таълим тизими атрофида кечган ўйлар

16 июнь куни, ниҳоят, мен анчадан буён кутган хабар мужда берди: давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 78-умумтаълим мактабини бориб кўрар экан «мактаб билан коллежлар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш, хусусан, ушбу мактабда тажриба сифатида 11 йиллик таълимни қайта тиклаш, унинг қошида ўқув-касб корхонаси ташкил этиш зарур»лигини таъкидлади.

Хўш, нима учун мен буни шунчалик кутгандим, аҳоли ичида кўпроқ юришим ва қолаверса касбим тақозоси юзасидан биламанки, 11 йиллик таълимнинг қайтишини аксарият фуқароларимиз интизорлик билан кутишяпти. Нега? Нима учун? Бу саволларга жавоблар шу қадар кўп ва хилма-хилки шу мақола тугал бўлиши учун энди бир бошидан ўз фикрларимни ёзмасам бўлмас.

Аслида, бу фикрлар юқорида айтганимдек, кўпчиликнинг бошида бор, бунинг учун олий маълумотли ёки алоҳида иқтидорга эга бўлиш шартмас. Аммо аччиқ ҳақиқат шундаки, мен ҳам кўпчилик каби шу вақтгача ҳақиқат кўзига тик қарай олмадим. Натижада эса кўп нарса йўқотдик, ҳа, жуда кўп нарса — бутун бир авлодни йўқотдик. Аниқроқ айтиш ҳам мумкин, одоб-ахлоқ емирилди, ёшлар ўртасида бир неча салбий кўрсаткичлар, жумладан, жиноятчилик ҳам ортди, вояга етмаган ғўр ёшлар илк марта ўқишга киришдаги ва баҳолашдаги тамагирликни ҳамда бандликни таъминлашдаги кўзбўямачиликнинг бевосита гувоҳига айланишди, бу уларни мурғак онгида қанчалик асорат қолдирганини ўйлашнинг ўзи даҳшат.

Айнан шу тизим 9-синф битирувчиларининг эмас уларнинг ота-оналари ўртасидаги худбинларча рақобатни кучайтирди. Бугун академик лицейлар ёки халқ ичида сал обрў қозонган касб-ҳунар коллежларининг ўқувчиларини ўқишга киришида уларнинг билими эмас, ота-онасининг пули ёхуд «танка»си ҳал қилувчи роль ўйнаётганлигини барча аллақачон тушуниб етган. Энг даҳшатлиси нима, биласизми? Бу кўзбўямачиликлар ҳақида ўша ҳали вояга етмаган, ҳали шахс сифатида тўлиқ шаклланмаган мурғак қалблар жуда кўп нарсани билишади. Эртага бу ёшлардан нима кутиш мумкин?

Қолаверса, бу тизим фуқароларга миллион-миллион, давлат ғазнасига эса миллиард-миллиард зарар етказаётгани, халқимизнинг пешона тери билан топилаётган катта-катта маблағлари ҳавога совурилаётгани энди яна бир мавзу, аммо халқимизда маънавият моддиятдан доим устун саналгани учун бу мавзуга чуқур кириб ўтирмайман.

Модомики, бу масала ниҳоят раҳбариятни ҳам ташвишга сола бошлаган экан, ҳеч бўлмаса энди бу тизимдаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашимиз керакдек, назаримда. Шу мақолани тайёрлаш жараёнида эканман, ҳукумат топшириғи билан халқ таълими вазирлиги мутасаддилари томонидан ҳудди шу масалага нисбатан ота-оналарнинг муносабати ўрганиб чиқилди, натижалари эълон қилинди, натижа қувонарли, лекин мен кутгандек эмас.

Бунинг сабаби — сўровнома фақат Тошкент шаҳрида ўтказилди. Мана ўша 10–11-синфларни қайта жорий этишга рози ёки рози эмаслигини аниқлаш юзасидан ўтказилган сўровнома натижаси, эътибор беринг, Кун.uz’да берилган маълумотларга кўра, ота-оналарнинг 70 фоизи мактабларда 10- ва 11-синфлар очилишини, фарзандлари лицей ёки касб-ҳунар коллежларидан кўра, мактабда ўқишни давом эттиришларини ёқлашмоқда. Агар шу сўровнома вилоятларда, олис туман ёки қишлоқларда ўтказилса, ишончим комилки натижа 90 фоиздан кам бўлмайди.

Тизим ҳақида фақат салбий фикр билдираётганим учун энсангиз қотаётган бўлса, келинг, ўзбекчасига дўппини бошдан олиб, 11 йиллик таълимнинг афзал ва салбий томонларини бир таҳлил қилиб чиқайлик.

Мактабларда 11 йиллик таълим қайта жорий этилишининг афзал томонлари:

Вояга етмаган болалар ота-онаси, маҳалла-кўйнинг кўз олдида бўлади, юриш-туриши, кийиниши, ўзини тутиши назоратда бўлади. Ётиш жойи, транспорт, яшаш учун ва ўқишга кириш ҳамда семестрларни ёпиш учун сарфланадиган маблағлар тежалиши ҳисобига оиланинг каттагина харажатлари тежалади, бу маблағни ўқувчи қўшимча таълим олишига, қолаверса, унинг турли замонавий таълим воситалардан фойдаланишига имкон яратиш учун сарфлаш мумкин. Мактаблар ҳар бир аҳоли пунктида бўлгани боис транспорт муаммоси бўлмайди ҳамда доимий назорат бўлгани боис давомат яхшиланади ва бу дарсларни яхши ўзлаштирилишига олиб келади.

Мактабларда 10–11-синфларнинг жорий этилиши ўқувчини фақат мактаб дастуридан чалғитмаган ҳолда билим олишига имкон яратади, яъни касб-ҳунар тизимдаги қўшимча мутахассислик фанлари бўлмаслиги боис ўқувчида олий таълимга тайёрланишга вақт ортади, қолаверса, ўрта-махсус таълим тизимида ўқувчилар бир йил вақтларини ҳам йўқотмоқда.

Бугун яккам-дуккам жойлашган коллежлар нафақат ўқувчилар балки у ерга жалб этилган ўқитувчиларни ҳам сарсон қилиб қўйган, демак 11 йиллик таълим жорий этилса, ўқитувчиларнинг ҳам қўшимча харажат қилиб бошқа худуддаги коллежларга қатнашига ҳожат қолмайди. Бу эса ҳар бир маҳалла, қишлоқнинг ўзида ҳам репитеторлик тизими шаклланишига олиб келади.

Бу тизимнинг яна бир афзал томони шундаки, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштиришдек сохталаштирилган ва саҳналаштирилган бош оғриқдан қутуламиз. Қолаверса, юқорида тилга олганимиз ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги тамагирликларга барҳам берилади. Бу фуқароларни ва ёшларни ҳукуматга нисбатан ишончини қайтишига олиб келади.

Ниҳоят, энг муҳими қаровсизлик, назоратсизлик оқибатида юз бераётган ёшлар ўртасида ўз жонига қасд, эрта туғуруқ, турли гуруҳларга қўшилиб қолиш ва вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик камаяди. Бунинг сабаби эса аниқ - ўқувчининг ҳар бир қадами маҳалла-кўйнинг назорати остида бўлади.

Мактабларда 11 йиллик таълим қайта жорий этилишининг «салбий» томонлари:

Мен мактабларда 11 йиллик таълим қайта жорий этилишининг битта салбий томонини кўрдим. У ҳам бўлса — 11 йиллик таълимдан сўнг уларнинг қўлида ҳунари ва дипломи бўлмайди.

Аммо 11 йиллик таълимга ўтиш барча касб-ҳунар коллежларининг ёпилишини англатмайди. Шахсан мен ҳам бунга қаршиман, нега? Негаки, бугун бозор иқтисодиёти даври - саноат ривожланмоқда, хизмат кўрсатиш соҳасида кадрларга талаб ортяпти. Ана шу талабдан келиб чиқиб, туман-шаҳар марказларида талаб юқори бўлган соҳаларни ўргатувчи касб-ҳунар коллежлари сақланиб қолса бўлади. Бу ерда мажбурийлик бўлмайди, марҳамат хоҳлаган ўқувчи ўзи қизиққан соҳа бўйича таълимни шу ерда давом эттириши мумкин. Қолаверса, умумтаълим мактабларининг ўзида ҳам меҳнат таълими дарслари негизида бир неча зарур ҳунарларни ўргатишни йўлга қўйиш муаммони янада чиройли ечимига олиб келар эди.

Дарҳақиқат, 12 йиллик таълим ҳам ўз вақтида жуда жозибадор туюлганди, тизимни жорий этишга катта маблағ тикилди ва жуда кўп меҳнат қилинди, аммо ғалвирни сувдан кўтарсак, вазият бошқачалиги маълум бўлди. Бутун бошли авлодни йўқотганимизни кеч бўлса ҳам тан олиб, ишни бошқатдан, бошидан бошлаш вақти келди.

Халқимизда «пичан пишгунча от ўлиб бўлади», деган пурмаъно нақл бор, бизда эса ҳали отни сақлаб қолишга имкон бор, демак ҳали ҳам вақтни зое кетказмасдан таълим тизимига 11 йиллик таълимни жорий этишни бошламоқ керак. Зеро, шу юрт шу ватан тақдири ёшлар қўлида, шундай экан, уни маънан ва жисмонан соғлом, замонавий билим ва тафаккурга эга авлодга топширишга, шундай авлодни шаклланиши учун зарур шароит яратишга ҳар биримиз бирдек масъул ва мажбурмиз.

Шерали МАМАДЕТСОЕВ,
журналист

Мавзуга оид