Европа тикланиш ва тараққиёт банки делегацияси Фарғона вилоятига ташриф буюрди
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқарувчи директори Наталья Ханженкова раҳбарлигидаги делегация аъзолари Ўзбекистон билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Фарғона вилоятига ташриф буюрди.
Наталья Ханженкова - Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқарувчи директори:
“Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантирмай туриб иқтисодиётни юксалтириб бўлмайди. Ўзбекистонда кичик бизнес ривожи учун яратилаётган имкониятлар эътиборга молик. “Имкон плюс”, “Андижон кабель”, Jurabek laboratories ва бошқа кичик бизнес субъектлари билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Бу йўналишдаги ишларни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз. Ўзбекистон Республикаси билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида ҳамкорликка оид Англашув меморандумида истиқболли ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинган. Кичик ва ўрта корхоналар учун маслаҳат бериш ва молиялаштириш хизматлари эҳтимолий дастури, трансчегаравий савдо ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган савдони молиялаштириш, технологиялар ва ноу-хаулар алмашинувини таъминлаш имконини берадиган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали Ўзбекистон иқтисодиёти рақобатбардошлигини оширишни режалаштирганмиз”.
Делегация аъзолари Марғилон шаҳридаги “Ёдгорлик” хусусий фирмасида кутиб олинди. Бу ерда меҳмонлар тадбиркор Аъзамжон Абдуллаевнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Адрас матосининг дастлабки босқичларидан тортиб, унинг абрбандчилик ишлари, тўқилиш технологияларини бирма-бир кўздан кечиришди.
Фарғона вилоятида 20 мингга яқин кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 63,4 фоизни, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 48 фоизни, аҳоли бандлигидаги улуши 81 фоизни ташкил этмоқда. Вилоятда саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, қишлоқ хўжалиги тармоқларининг ривожланиб бораётганлиги тадбиркорлик субъектларининг кредит ресурслари, чет эл инвестицияларига бўлган талаби ҳам йилдан-йилга ортмоқда. Фарғона вилоятини 2017-2021 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида 13 минг 524 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.
Нейл Тэйлор – Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш бўйича минтақавий дастур раҳбари:
“Фарғонага биринчи маротаба ташриф буюришим, ташрифнинг асосий мақсади Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги фаолиятини қайта тиклаш, бу ерда кичик ҳамда ўрта бизнес субъектлари билан учрашувлар ўтказиб, уларга банкимиз томонидан кўрсатиладиган молиявий хизматлар бўйича батафсил маълумот бериш. Банкимиз уларнинг маҳсулотини Европа мамлакатларига чиқишида кредитлар беришга, уларга ёрдам кўрсатишга тайёр. Шунингдек, биз мамлакатингиздаги банклар билан ҳамкорлик қилиб, тегишли кредит линияларини ҳам йўлга қўймоқчимиз”.
Делегация аъзоларининг навбатдаги манзили Қўштепа туманида фаолият олиб бораётган тадбиркор Иброҳимжон Султоновнинг корхонасига қаратилди. Бу ерда бугунги кунда атлас, адрас, шойи, беқасам матолари ҳамда бу матода тикилган турли буюмлар ҳамда 100 фоиз табиий бўлган гиламлар тўқилмоқда. Бу гиламларни жаҳон бозорларида учратиш мумкин. “Исмоилжон гиламлари” корхонасида бугунги кунда 815 нафар ишчи фаолият олиб боради. Улардан 264 нафари касаначидир. Меҳмонлар бу ердаги гилам тўқилиши ва унинг иш жараёни билан яқиндан танишар эканлар тадбиркорнинг маҳсулоти Европанинг бошқа мамлакатларига ҳам эксперт бўлишида ўз маслаҳатларини бериб ўтдилар.
Бир кун давомида кўплаб тадбиркорлар билан учрашиб уларнинг маҳсулотини жаҳон бозорига олиб чиқишда ўзаро фикр алмашган делегация аъзолари ўз манзиллари томони йўл олдилар.
Аҳрор Зиё, Фарғона
Мавзуга оид
16:56 / 22.12.2024
Фарғонада портлаш содир бўлган заправка бузилмоқда — видео
22:57 / 21.12.2024
Фарғонадаги портлаш, Жиззахга янги ҳоким ва кадастрдан тадбиркорларга “қора хат” — ҳафта дайжести
21:23 / 21.12.2024
Фарғонадаги цехда юз берган ёнғин оқибатида бир киши ҳалок бўлди
16:56 / 20.12.2024