Жамият | 21:05 / 21.06.2017
23637
2 дақиқада ўқилади

Хокинг: Инсоният Ердан бошқа сайёраларга кўчиб ўтишни бошлаши керак

Фото: EPA/JASON SZENES

Инсоният Ерда ҳаддан зиёд аҳоли кўпайиши ва иқлим ўзгариши сабабли йўқ бўлиб кетишга учрамаслик учун уни яқин 30 йил ичида тарк этишни бошлаши керак. Бундай фикрни таниқли британиялик олим Стивен Хокинг билдирди, деб ёзмоқда The Telegraph нашри. Хокинг бу фикрни Норвегиянинг Тронхейм шаҳридаги Starmus илмий фестивалидаги нутқида айтиб ўтди.

Астрофизикнинг фикрича, Марс ва Ойда мустамлакалар яратиш ва у ерга янги оламни яратишни бошлаш учун ўсимликлар, ҳайвонлар, қўзиқоринлар ва ҳашаротлар намуналарини юбориш жуда муҳимдир. Олимнинг таъкидлашича, инсониятнинг астероид билан тўқнашувдан, ҳарорат кўтарилиши ва аҳолининг ҳаддан зиёд кўпайишидан йўқ бўлиб кетиши фақатгина вақт масаласидир.

"Одамлар Ерни тарк этиши кераклигига ишончим комил. Бу сайёра биз учун жуда кичиклашиб кетмоқда, табиий захираларимиз фалокатли суръатлар билан камайиб кетмоқда", деб айтди Хокинг.

Олим аввал инсоният бундай инқирозларга дуч келганда, ҳар доим мустамлакалаштириш мумкин бўлган жой бўлганини эслатиб ўтди.

"Колумб буни 1492 йилда янги оламни очиб амалга оширган. Бироқ энди янги олам йўқ. Бизга Ер торлик қилмоқда ва биз кета оладиган ягона жой – бошқа сайёралардир", деб қўшимча қилди олим.

Хокинг ўз нутқида Ерни охир-оқибат астероид билан вайронкор тўқнашув кутаётганини айтди. "Бу илмий фантастика эмас. Бу физика ва эҳтимоллик қонунлари билан кафолатланган", деб айтди олим.

У, шунингдек, коинотга кириб бориш нафақат инсониятнинг келажагини жиддий тарзда ўзгартиришини, балки бу келажак умуман бор-йўқлигини белгиловчи омил бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Мавзуга оид