Жамият | 19:35 / 21.06.2017
4883
2 дақиқада ўқилади

Кинолойиҳалар, миллий ва хорижий фильмларни профессионал баҳолаш клуби ташкил этилди

Хусусий киностудияларнинг ижодий фаолиятига кўмаклашиш, улар томонидан яратиладиган фильмларнинг сифати ва бадиий даражасини ошириш, ёшларнинг маънавий ва аҳлоқий онгини турли ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, оммавий маданиятнинг кириб келишининг олдини олиш мақсадида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва Кинематографияни ривожлантириш марказининг 2017 йил 19 июндаги Қўшма қарорига асосан Кинолойиҳалар ва кино маҳсулотларни (фильмларни) профессионал баҳолаш Интерактив мунозара клуби фаолияти ташкил этилди.

Интерактив мунозара клубининг асосий мақсади кинолойиҳаларни ва Республикадаги кинотеатр ва кинозалларда намойиш қилинаётган миллий ҳамда хорижий фильмларни профессионал баҳолаш ва ушбу ҳақдаги ахборотларни жамоатчиликка етказишдан иборатдир.

Интерактив мунозара клубида кинолойиҳалар ва фильмларни профессионал баҳолаш жамоатчилик асосидаги экспертлар гуруҳи томонидан амалга оширилади. Кенгаш таркибига маданият ва санъат арбоблари, киношунослар, сценарист ва режиссёрлар, кинематография ташкилотлари вакиллари киритилади.

Киноижодкорлар ўзларининг лойиҳалари ёки тайёр фильмларини Интерактив мунозара клуби муҳокамасига қўйиш ва малакали мутахассисларнинг зарур тавсияларини олиш орқали бадиий жиҳатдан сифатли кино асарлари яратиш имкониятига эга бўладилар.

Интерактив мунозара клуби Кинематографияни ривожлантириш марказида фаолият юритиб, кинолойиҳалар ва фильмларни муҳокамага қўйиш учун маблағ ундирилмайди.

Кинолойиҳалар ва кино маҳсулотларни (фильмларни) профессионал баҳолаш интерактив мунозара клуби тўғрисидаги Низом билан Кинематографияни ривожлантириш марказининг веб-сайтида танишиш мумкин.

Мавзуга оид