Жаҳон | 17:25 / 24.06.2017
16316
2 дақиқада ўқилади

АҚШда бўрон “қора кунга мўлжалланган” 2 та самолётга зарар келтирди

АҚШда бўрон натижасида Небраска штатидаги Оффут базасида жойлашган Америка ҳарбий-ҳаво кучларининг ўнта самолёти зарар кўрди. Улар орасида иккита Boeing E4-B самолёти ҳам бор. АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари вакилининг хабар беришича, ҳодиса 16 июнь куни юз берган, бироқ фақатгина 24 июнда у ҳақда маълумот пайдо бўлди. Оффутдаги базада шундай “қора кунга мўлжалланган” тўртта самолёт бор. Улардан бири бўрон пайтида базадан ташқарида бўлган.

Boeing E-4 Nightwatch ҳаво кемаси “қора кунга мўлжалланган” деб аталади, сабаби у ядро уруши бошлангудек бўлса, АҚШ президенти, мудофаа вазири ва олий ҳарбий раҳбариятнинг бошқа аъзоларига мўлжалланган. Бундай самолётлар бир ҳафта тўхтамай парвоз қилиши мумкин, бироқ ҳавода ёнилғи қуйиш талаб этилади. Бортдаги барча ускуна ядро портлашидан ҳимояланган ҳолда ясалган. Ҳар бир машина юз кишини ҳавога кўтариши мумкин.

Тўртта E-4B’дан биттаси ҳар доим парвозга шай ҳолатда туради. Президентнинг хорижий сафарларида “қора кунга мўлжалланган” самолёт, худди “ядро чамадонча”га эга адъютант каби унга ҳамроҳлик қилади. Агарда президент ёки Пентагон раҳбари ҳалок бўладиган бўлса, қўшинлар қўмондонлигини бошқа юқори мансабли шахсга ўтказиш кўзда тутилган.

Қуйида Boeing E-4 тасвирланган фотожамланма тақдим этилади.

Boeing E-4
Boeing E-4 самолётининг ички тузилиши
Boeing E-4 парвозда
Boeing E-4 салони
Boeing E-4
Boeing E-4 кабинаси
Boeing E-4

Мавзуга оид