2017 йил 23 июнь куни Тошкент шаҳрида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси,тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида “Мамлакатимиз замонавий тиббиёти ривожида хусусий секторнинг роли”мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ижроси ҳамда бу борада O‘zLiDePнинг саъй-ҳаракатларини атрофлича муҳокама қилишга бағишланди.

Очиқ мулоқотда O‘zLiDeP фаоллари, тегишли вазирлик ва идоралар, тижорат банклари вакиллари, хусусий тиббий секторда фаолият юритаётган тадбиркорлар Президентимизнинг мазкур қарори ўз вақтида қабул қилинганини таъкидлаб, унда мамлакатимиздаги хусусий тиббиёт соҳасини янада ислоҳ қилиш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар мазмун-моҳияти хусусида ўзаро фикр алмашишди.

Қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни янада ривожлантириш, жумладан, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолига сифатли хизмат кўрсатиши учун зарур шароитлар яратилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги 6 йилда мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасалари сони 2 баробар кўпайиб, 3,5 мингтага етди. Уларни юқори технологияли тиббиёт техникаси билан жиҳозлаш даражаси 3 баробар ошди.

Маълумот ўрнида: Хусусий тиббиёт муассасаларининг 2022 йил 1 январигача барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилиши, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий сектор томонидан кўрсатилаётган хизмат турлари янада кенгайтирилади. Хусусан, шу пайтга қадар хусусий тиббиёт муассасаларига 177 турдаги тиббий хизматларнинг атиги 50 тасига рухсат этилган бўлиб, қолганлари тақиқланган эди. Қарорга биноан, уларга тиббий хизматларнинг деярли барча тури бўйича хизмат кўрсатишга рухсат берилди. Бу имконият аҳоли, айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган фуқаролар учун катта қулайлик яратади.

Давра суҳбатида чекка туманларда тиббиёт соҳасида хусусий секторни жадал ривожлантириш мақсадида қишлоқ жойларда тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида ташкил этиладиган янги микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилиши ушбу қарорда кўзда тутилганини таъкидлашди.

















