Кореяга ишлаш учун илк бора келган ўзбекистонлик мигрантларда тил билиш бўйича жиддий муаммолар мавжуд
22 июнь куни Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги делегацияси Инчондаги Хорижий ишчиларга кўмаклашиш маркази ва Корея инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг Жангбудаги Бош минтақавий бошқармасида учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Инчондаги Хорижий ишчиларга кўмаклашиш маркази Корея ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган меҳнат мигрантларини мослаштириш ва уларни ўқитиш билан шуғулланади. Корея инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати эса тонгги мусаффолик юртида иш берувчилар билан ҳамкорликда меҳнат ресурсларини ривожлантириш ва бошқаришда асосий вазифани бажаради.
Корейс томони билан учрашув вақтида ўзбекистонлик ишчиларнинг меҳнатсеварлиги, очиқкўнгиллилиги, профессионализми қайд этилди.
Бироқ, шу билан бир қаторда, Агентлик раҳбариятининг ўзбекистонлик мигрантлар билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги саволлари бўйича, афсуски, сўнгги вақтларда Кореяга ишлаш учун илк бора келган ўзбекистонлик мигрантларда корейс тилини билиш юзасидан жиддий муаммолар мавжудлиги таъкидланди. Шу билан бирга, уларнинг иш жойини тез-тез алмаштириб, охир-оқибат ноқонуний ишлашга чиқиб кетишаётгани одатий ҳолатга айланиб бораётгани ҳам айтиб ўтилди. Корейс тилини етарли даражада билмаган ҳолда мамлакатга киришга уринаётган меҳнат мигрантлари сабабли келгусида бошқа ўзбекистонликларнинг Кореяда ишлаши, улар учун иш ўринлари ажратилишида жиддий муаммолар пайдо бўлмоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги раҳбарияти корейс томонини Кореяда ишлашни хоҳловчи фуқароларни саралаш, имтиҳон қилиш, ўқитиш ва мослаштириш тизимини бутунлай ўзгартиришга ишонтирди. Улар босқичма-босқич, мунтазам равишда корейс томони талаб қилган даражада имтиҳон қилиниб, шундан кейингина Кореядан келган мутахассисларга тест топширишини таъкидлашди. Мамлакатда бир қатор касб-ҳунарга ўргатиш марказлари иш бошлагани, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ана шундай марказлар очилиши маълум қилинди.
Мавзуга оид
11:10 / 10.10.2024
Фуқарони Кореяга ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди
14:20 / 07.10.2024
Корея Ўзбекистонда инновацион лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдиряпти
10:10 / 20.09.2024
Корея Ўзбекистон ҳудудларида пеллет кластери ташкил этади
11:52 / 04.09.2024