Жаҳон | 10:48 / 01.07.2017
4669
2 дақиқада ўқилади

Россия Қирғизистон фуқароларига миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси билан ишлашга рухсат бериши мумкин

Россия Давлат думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси қуйи палата ҳукмига Россия президенти Владимир Путин номига келиб тушган муроожаатни кўриб чиқиш таклифини киритди. Мурожаатда Қирғизистон фуқароларига миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари асосида юк ташиш соҳасида ишлашга рухсат бериш илтимос қилинган.

Ҳужжат муаллифларининг эслатишларича, Россияда 1 июлдан бошлаб транспорт воситаларини бошқариш билан бевосита боғлиқ тадбиркорлик ва меҳнат фаолиятини оширишда хорижий миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари асосида транспорт воситаларини бошқаришга тақиқ жорий этилади.

«Траснспорт воситаларини бошқариш билан бевосита боғлиқ тадбиркорлик ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Россия ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш зарурияти асосан ҳайдовчилар — хорижий давлат фуқароларининг рус тилини етарли даражада билмасликлари туфайли юзага келган. Бу федерал қонун таъсири остига Қирғизистон фуқаролари ҳам тушади», — дейилади ҳужжат лойиҳасида. 

Лойиҳа муаллифлари Қирғизистон конституциясида рус тили расмий тил сифатида белгилаб қўйилганига эътибор қаратишмоқда. «Бу ҳолат Қирғизистон Республикаси фуқароларининг рус тилини яхши ўзлаштиришлари, жумладан, шу тилда йўл ҳаракати қоидаларини ўрганишни ҳам назарда тутади», — дейилади ҳужжатда. 

«Юқоридагиларни ҳисобга олиб, муҳтарам Владимир Владимирович, Давлат думаси депутатлари сизга Қирғизистон фуқароларига Россия Федерациясида миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари асосида тадбиркорлик ёки меҳнат фаолиятини амалга оширишда транспорт воситаларини бошқаришга рухсат бериш масаласини кўриб чиқишни илтимос қилиб мурожаат қилишмоқда», — дейилади ҳужжат лойиҳасида.

Мавзуга оид