Ёшлар ҳаёти, ўй-кечинмалари, орзу-ниятлари, энг муҳими, уларни қийнаётган масалалар, афсуски, радио ва телевидение, газета ва журналларда ўз ифодасини тўлиқ топмаяпти. Давлатимиз раҳбари "Камолот" IV қурултойида шундай фикр билдирди.

"Гўёки ҳамма нарса жойида, олам гулистон. Агар ҳаммаси жойида бўлса, тўғри йўлдан адашган ёшлар, жиноятчилик, ишсизлик қаердан пайдо бўляпти? Нега ёшларга оид давлат сиёсатига лоқайд муносабатда бўлаётган амалдорлар ҳақида оммавий ахборот воситалари, аввало, ёшлар матбуоти чурқ этмайди?

Масалан, “Камолот” радиосини, “Камолот”нинг Интернет сайтини оладиган бўлсак, уларда ўтказилган юзаки тадбирлар, енгил-елпи қўшиқлар, ўзини ўзи мақташ, чиройли қиёфалардан бошқа нарсани деярли кўрмаймиз.

“Ёшлар” телерадиоканали ҳам ўз имкониятларидан самарали фойдалана олмаяпти. Шу муносабат билан ушбу канал фаолиятини кучайтириш, унинг 50 фоиз акцияси Ўзбекистон ёшлар иттифоқига тегишли бўлиши, унинг директори мазкур ташкилот Марказий кенгаши томонидан лавозимга тасдиқланиши бўйича Бош вазир А.Арипов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси Х.Мирзоҳидов, адлия вазири М.Икромовга бир ой муддатда тегишли таклиф тайёрлаш вазифаси топширилади", - деди Шавкат Мирзиёев.

"Ҳозирги вақтда ёшларга мўлжалланган “Туркистон” газетаси 9 500 нусхада, “Молодёжь Узбекистана” газетаси 2 800, “Ёш куч” журнали 3 000 нусхада чоп этилаётганини қониқарли баҳолаш мумкинми? Мамлакатимизда 10 миллиондан ортиқ ёшлар мавжуд бўлгани ҳолда, бу рақамлар биз учун уят эмасми?

Мисол учун, “Туркистон” газетасига Фарғона вилоятида 225 та, Сурхондарё вилоятида 134 та, Самарқанд вилоятида 54 та, Сирдарё вилоятида эса бор-йўғи 40 та обуна бўлганини, айтинглар, қандай изоҳлаш мумкин?

Ҳолбуки, республикамиздаги барча вазирлик ва идоралар, йирик компаниялар ходимларининг аксариятини ёшлар ташкил этади. Лекин ана шу ташкилотларда ёшлар нашрларига обуна масаласи қандай?

Қани, “Ўзбекнефтгаз” компанияси раиси А.Султонов, сиз бу саволга қандай жавоб берасиз? Сиз ўз тизимингиздаги ёшлар қандай матбуот нашрларига обуна бўлгани, қандай китобларни ўқиётгани, умуман, уларнинг маънавий савияси, дунёқараши билан ҳеч қизиқиб кўрганмисиз?

Жаноб А.Султоновга берган бу саволимни мен бошқа кўп раҳбарларга ҳам беришим мумкин ва аминманки, жавоб мана шундай қониқарсиз бўлиши аниқ.

Ўзингиз ўйланг, азиз дўстлар, ёшларимиз ўзимизнинг газета-журналларимизни ўқимаса, ўз миллий адабиётимиз ва санъатимизни билмаса, улар қандай қилиб ватанпарвар бўлади? Уларнинг онгу тафаккури, дунёқараши нима ҳисобидан шаклланади?