• Қуронов ҳозирда Ёшлар ишлари агентлигининг электрон ва аудио китоблар бўйича янги лойиҳаси – Mutolaa интеллектуал супериловасида болалар адабиёти бўлими бош муҳаррири бўлиб ишлаб келмоқда.

Болалар адабиёти – муаммолари кўп ва хўп айтиладиган, лекин бирор арзирли натижа, ечим кўрилмайдиган саноқли соҳалардан бири. Шу сабабли, доим муаммонинг моҳиятини излайман, баъзан оптимист, баъзан пессимист бўлиб мақолалар ёзаман. Таскин излайман.

Қуйида ҳам соҳадаги 8 йиллик фаолиятимда англаганларимнинг қаймоғини айтишга уриндим. Аниқроғи, бу ҳар-ҳар замон қилиб турадиган уринишларимнинг яна бири, холос... 

Мавзу...

Адабий учрашувда бир аёл менга савол берди: “Нега қаҳрамонларингиз тақдири бу қадар тўкис, нега зиғирча бўлса ҳам изтироб, айрилиқ йўқ? Ахир, ҳаёт ундай эмас-ку?!” Аёлнинг саволи, унинг маҳзун қарашлари мени довдиратиб қўйди. Жавобим йўқ эди, шунчаки, билмасдим...

Кейинроқ, чет эл болалар ёзувчиларининг бир подкастини тингладим. Унда эри тўсатдан вафот этиб қолган ва уч фарзанди билан бева қолган ёзувчи аёл қисмати ҳақида сўз борди. Аёл ўзи ва фарзандларини тушкунликдан чиқариш учун отаси вафот этган қаҳрамон ҳаёти ҳақида асар ёзади. Кутилмаганда, бу асар бестселлерга айланади...

Подкастни тингларканман, кўз олдимга ўша – савол берган аёл келди. Ҳойнаҳой, унинг фарзандлари ҳам айрилиқ аламини тотиб кўрган. Менинг идеал турмуш ҳақидаги асарим эса уларнинг руҳиятига акс таъсир кўрсатган!..

Шу-шу, болалар асарларининг мавзуси ҳақида кўп бош қотирадиган бўлдим. Ўйлаб қарасам, бизнинг болалар адабиёти ҳали ҳам у қадар ижтимоийлашмаган. Яъни ҳамон эртак ва достонлардаги идеал тақдир ва қаҳрамонларнинг таъсири кучли. Ҳаётий, маиший муаммолар ҳақида ёзишга эса кўпам уринмаймиз, гўё бу адабиёт эмас, адабиёт фақат чўпчак бўлиши шарт.

Адабиётни идеаллаштирганимиз сабаб биз дарсда иштонини ҳўллаб қўйган, бехос ел чиқариб юборган, пули йўқлиги сабаб тушлик қила олмайдиган ёки тилида нуқсони бор болаларнинг кечмиши ҳақида деярли ёзмаймиз. Биз учун адабиёт катта нарсалар, ғоялар ҳақида куйлаши зарур, тамом!    

Менимча, ўзбек болалар адабиёти трендга чиқа олмаслигининг асосий сабабларидан бири шу – мавзуларнинг ҳаётий эмаслиги билан боғлиқ.