Ўзбекистон | 17:54 / 05.07.2017
31660
5 дақиқада ўқилади

1 июлдан пенсиялар Халқ банки томонидан тўланиши тўлиқ жорий қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 мартдаги “Пенсия ва нафақаларни тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Халқ банки Республикада пенсия ва нафақаларни тўлаш бўйича ягона ваколатли банкка айланди. Бу, албатта, юртимизда истиқомат қилаётган барча ёши улуғ инсонларга хизмат қилиш учун Халқ банкига яна қўшимча маъсулият юклади.

Айтиш жоизки, Қарорга мувофиқ жорий йилнинг 1 апрелидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларнинг 13 та шаҳари ва Тошкент шаҳрининг 6 та туманида жами 758 та маҳалла фуқаролар йиғинида Халқ банки томонидан пенсионерларга пенсия тўловлари тарқатилмоқда. Шу йилнинг 1 майидан бошлаб 39 та қишлоқ туманида 1 407 та маҳаллага пенсия тўловлари тўлаб берилди. 1 июлдан бошлаб Республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида (195 та) пенсия тўловларини Халқ банкиинг 2 мингта сайёр кассаси томонидан тўланиши тўлиқ жорий қилинди. Бу ҳақда Банк ахборот хизмати Кун.uz’га хабар бермоқда.

Эндиликда пенсионерлар ҳар ойлик пенсия маблағларини жадвалга мувофиқ посёлка, қишлоқ, овул ва маҳаллалардаги фуқаролар йиғинларида олишлари мумкин бўлади. Агарда жадвалда белгиланган вақтда пенсияни олишга улгура олмаган шахслар бўлса, улар ўз пулларини бошқа кунларда олишлари мумкин.

Қарор талабларидан келиб чиқиб, Халқ банки филиалларидан махсус кассаларга нақд пулларни ўз вақтида ва узлуксиз етказиб бериш учун 590 та “Дамас” русумли автомашина сотиб олиниб, филиалларга етказиб берилди ва келгусида жойлардаги филиалларнинг эҳтиёжларига қараб қўшимча автомашиналар сотиб олинади.

Шунингдек, пенсия маблағини уйига олиб келиб бериладиган шахслар рўйхати ҳам тузиб чиқилиб, пенсия ва нафақаларнинг махсус кассалари жойлашишида қандайдир ўзгаришлар бўлса, пенсия олувчилар банк, шунингдек, қишлоқ, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан хабардор этилиши белгилаб қўйилди. Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан Халқ банки билан биргаликда пенсия ва нафақалар тўланишини онлайн режимда СМС-хабардор этиш тизими амалга татбиқ этилди.

Банкнинг барча туман ва шаҳар филиалларида пенсия ва нафақа тўловлари бўлими ташкил қилиниб, малакали мутахассислар билан бутланди.

Касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 4 мингга яқин ўғил-қизлар кассир ва бухгалтер назоратчи лавозимларига ишга олиниб, уларнинг бандликлари таъминланди.

Яна бир маълумот. Халқ банки тизимида пенсия ва нафақа тўловларини тарқатиш бўйича барча масъул ходимларга ўқув-семинарлари ташкил қилиниб, уларнинг тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишлари, мижозларга муомала маданияти бўйича билим ва малакалар ҳамда тавсиялар бериб борилмоқда.

Хизмат сифатини янада ошириш мақсадида банкнинг марказий аппаратидан малакали банк ходимлари бириктирилиб, улар филиалларга ва жойлардаги кассаларгача бориб, пенсия маблағларини тўлаб беришда амалий ёрдам беришмоқда.

Жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар ва пенсия жамғармаси билан ҳамкорликда қарорнинг мазмун-моҳияти, ижросини таъминлаш бўйича семинарлар ташкил қилиниб, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда ҳамда пенсия ва нафақа тўловларини тарқатиш бўйича дислокация (махсус жойлар) ва тарқатиш кунлари бўйича графиклар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Пенсионерларга янада қулайликлар яратиш мақсадида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биносида банк томонидан махсус стендлар тайёрланиб, фуқаролар учун зарур бўлган маълумотлар билан таъминланган ҳолда кўринадиган жойга жойлаштирилди.

Пенсия маблағларини нақд пулда ўз вақтида тўлаб берилиши юзасидан Марказий банк билан ҳамкорликда барча зарурий чоралар кўрилмоқда.

Халқ банки келгусида бу борада юзага келаётган барча муаммоларни тўлиқ бартараф этган ҳолда ишончли тизим асосида фаолият юритишда давом этади.

Шу ўринда муҳим бир янгилик. Пенсия маблағларини тарқатилиши жараёнида юзага келадиган муаммо ва шикоятларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш бўйича “1106” қисқа рақамли “ишонч телефони” ташкил этилди. Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, дастлаб юртдошларимиздан тушаётган аксарият мурожаатлар мазмунида белгиланган графикларда пенсионерларнинг исм-шарифлари чиқмай қолиш ҳолатлари ифодаланган эди. Бугунги кунда бу каби масалалар деярли бартараф этилган бўлиб, юзага келаётган вазиятлар Халқ банкининг “1106” қисқа рақамли “ишонч телефони” орқали тезкор ҳал этилиб келинмоқда.

 

Мавзуга оид