Жамият | 13:40 / 10.07.2017
23969
3 дақиқада ўқилади

Булоқбоши туманидан қилинган мурожаат эълон қилинмасдан ижобий якун топди

Ўтган ҳафтада Андижон вилояти, Булоқбоши туманидаги Барлос маҳалласида яшовчи аҳоли номидан Кун.uz таҳририятига мурожаат келиб тушди. Аризада маҳалладаги йўллар яроқсиз ҳолга келиб қолгани ҳақида баён қилиниб, фуқаролар томонидан турли идораларга билдирилган мурожаатлар самара бермаётганлиги айтилган эди. Жумладан, маҳаллада мавжуд иккита кўчанинг қишда лой ва ёзда чангга ботиши аҳолига, айниқса мактаб ўқувчиларига жуда катта қийинчилик туғдираётгани билдирилган.

Мурожаатни ўрганиш мақсадида таҳририят ходими Булоқбоши туманида бўлди. Туман ҳокими Дониёрбек Мақсудов билан бўлган суҳбатдан сўнг мутасадди йўл ҳолати бўйича билдирилган эътирозни ўрганиб, ўтган ҳафтанинг ўзида мавжуд муаммони ижобий ҳал қилиб бергани, эътирофга лойиқ. Туман ҳокими Барлос маҳалласида аҳоли билан ҳудуддаги турли идора маъсуллари билан биргаликда учрашув ўтказди.  

“Йил бошидан бери ҳар ҳафтада туманимизнинг барча ҳудудлари аҳолиси билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, барча соҳаларда мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасида иш олиб бормоқдамиз. Барча камчиликларни ўрганиб чиқиб, ижобий ҳал қилиш маълум бир фурсатни талаб қилади. Жорий йилнинг биринчи чорагида туманимиздаги 21 та кўча дастур асосида таъмирланган бўлиб, иккинчи чоракда яна 20 тадан зиёд маҳалла  кўчаларини яхши ҳолатга келтириш режалаштирилган. Туман ҳокимлиги ҳамда бошқа идора раҳбарлари нафақат йўл, балки бошқа йўналишларда мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун мана шундай очиқ мулоқотлар ўтказиб бормоқда”,- дейди туман ҳокими. 

Мурожаатда келтирилган кўчага шағал ётқизиш ишлари якунига етказилиб, техника воситалари ёрдамида текисланди. Маҳалла аҳли амалга оширилган иш юзасидан ўз миннатдорчилигини билдирдилар.

- Мен Зайнабхон Бобохонова мана шу маҳаллада истиқомат қиламан, - дейди ёши етмишни қоралаган онахон. – Бугун туманимиз мутасаддилари билан бўлган учрашув давомида, маҳаллада йиғилиб қолган муаммоларни айтдик. Йўл масаласи жойида ҳал этилди. Мурожаатимизни тез кунларда ҳал этилганидан хурсандмиз. 

Кун.uz таҳририяти аҳоли томонидан қилинган мурожаатни ўрганиб, тез фурсатда ҳал қилиб берганлиги учун Булоқбоши тумани ҳокимлигига ўз миннатдорчилигини билдиради.  

Мавзуга оид