Жамият | 02:46 / 10.07.2017
118731
16 дақиқада ўқилади

«Куёвчак»: миллат ва дин дардида ёзилган мақола муаллифи вафот этди

Қуйида эълон қилинаётган мақола муаллифи Айюб Рамз Islom.uz сайтининг ходимларидан бири бўлиб, умматга, миллатга меҳнати синган ва хусусан, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ) ҳазратларининг хизматларини қилган йигитлардан эди...

8 июль куни динимизнинг ривожи йўлида хизматини аямаган, ўзининг «Куёвчак» туркум мақоласи орқали кўпчиликка таниш, ҳали гўшангага куёв бўлишга улгурмаган Айюб Рамз 25 ёшида оламдан ўтди!

Биз марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдириб, Яратгандан сабри жамил сўраб қоламиз.

Айюб Рамзнинг мулоҳазага чорловчи, миллат дардида куюнчаклик билан ёзилган ушбу чиройли мақоласини ўқувчиларга ҳавола этамиз.

* * *

«КУЁВЧАК»

Ёшим 24 га тўлди. Мана, 2–3 йилдан бери «Тўй қачон?», «Нега уйланмаяпсан?», «Айюбхон, тезроқ уйлан энди», деган гапларни эшитавериб, ахийри шу мақолани ёзишга қарор қилдим.

Хўш, ростдан ҳам нега ҳалигача уйланмаяпман?

Жавобим антиқа, чунки мен «куёвчак» бўлишни хоҳламаяпман! «Куёвчак» нима дегани, деб сўраяпсизми? Унинг қандай маҳлуқ эканлигини билмоқчи бўлсангиз мақоламни охиригача ўқинг.

Ўзимни жуда ақлли, деб билмайман, мансабдор ва бадавлат ҳам эмасман, оддий йигитман, Аллоҳ берган ризқимни териб юрган. Лекин баъзилардан фарқли бир одатим бор, одамларни ўрганишни яхши кўраман ва уларни кузатаман. Уйланишга ният қилганимдан бери ҳозирги ёш оилаларни кузатишни бошладим, кузатишларимнинг натижасида янги бир нарсани «кашф» қилдим. Аҳмоқона урф-одатлар таъсирида «мутация» бўлиб, янги «маҳлуқот» пайдо бўлганини кўрдим ва унга янги ном топдим.

Қарши олинг — «Куёвчак»!

Бу сўзни «келинчак», агар қўполроқ айтсам «ҳ...лак» сўзларига қофиядош қилиб олдим, чунки ҳозирги куёвларнинг ўрни келинлар билан алмашиб қолганини кўриб шундай қилдим.

Куёвчакнинг таърифи: у — жамиятнинг биологик чиқиндиси, қон сўрувчи каналар оиласига мансублиги бор, сабаби тўйгача ота-онасининг ҳисобига яшайди, тўйдан кейин қайнота-қайнонаси, баъзан улар бўлмаса хотини ҳисобига яшайди.

Сифатлари: мебелхўр, чунки шип-шийдон қилиб қўйилган «ини»ни келинникидан келган мебеллар билан тўлдиради, қанча кўп мебель келса ,шунча кўп хурсанд бўлади, ўзимизникини эмас, албатта, чет элникини кутади!

Латтапараст, чунки тўй бошлангандан то умрининг охиригача қайнота-қайнонаси унга кийим-кечак, латта-путта ташийди!

Еб-тўймас мечкай, чунки бу маҳлуқ тўйдан кейин келинникидан тоғора-тоғора овқат кутади ва еб, кекириб туриб ҳам ҳеч рози бўлмайди!

Жуда катта «инвестор», унинг сармояси — бир тийинга қиммат «орияти», «ғурури», «ҳамияти», фалаж мияси-ю, бўрдоқига боқилган жасади, шуларнинг ҳаммасини келиннинг сепи учун тиккан!

Қўлидан келадиган ягона иш — фақат хотини олиб келган каравотда эркаклигини исботламоқчи бўлиш (қўполлигим учун узр) ва агар Худо берган бўлса насл қолдириш!

Ҳоббиси — ўзгалар ҳисобига яшаш! Куёвчак бундай ҳаётга жуда яхши мослашади, ўй-фикрларининг ҳаммаси фақат ўз фойдасига қаратилган бўлади. Агар у ишсиз бўлса иш топиб бериш, оч қолса тўйдириш, пули йўқ бўлса чўнтагини тўлдириш, хотини бошқоронғи бўлса кўнгли тусаганини келтириш, агар хотини туғса боласини роддомдан олиб чиқиш-у, бешик, кароватча... ҳатто памперсигача олиб бериш, хотини касал бўлса даволатиш каби барча ишларни ҳеч иккиланмай, осонгина қайнота-қайнонанинг бўйнига илиб қўйган! У ўзини бундай майда ишларга аралашиши шарт бўлмаган олий насаб шахс деб билади... ва ҳоказо.

Албатта бу киноя... ва аччиқ ҳақиқатга ҳажвий ёндашув.

Агар жиддий гапирсам, бу йигитлар улар ҳақида мақола ёзишга арзимайди, лекин мавзу долзарб. Бу мақоладаги ҳар бир нуқта уларга эмас, шундай йигитларни тарбия қилган ота-она ва жамиятга ҳам тегишли, сабаби у йигитларнинг бу гапларни англайдиган аъзоси ишламайди, онги бор бўлганида, шу даражада тубанлашармиди, умри бўйи парвариш қилган қизларини бергани етмагандек, яна бошқа лаш-лушларни ҳам қўшиб беришларини кутарармиди келин томондан?!

Қайнотасидан, нафақат мебель, гилам, парда, кир ювадиган машина, музлатгич ва бошқа латта-путталарни, ҳаттоки, минадиган машина, иложи бўлса иномарка, квартира ёки ҳовли ҳам кутадиганлари, янаям «уддабурон»лари бирор корхонани ёки бирор мансабни, ёғли ишни олиб беришларини кутадиган «мард»ларни кўриб «Эркак бўлмай ўл», деворгим келади!

Яқинда қўшнимнинг қизини узатишганда, ҳамма нарсани қилиб берса ҳам, «даданг «Малибу» олиб бермади», деб ҳайдаб юборганини кўриб, жаҳлим чиқиб ёзяпман бу гапларни.

Энди савол: Қайси орияти бор йигит мана шунақа «куёвчак» бўлишни истар экан? Масалан, мен истамайман! Шунинг учун, оилавий ҳаётим учун зарур эҳтиёжларни ўзим топа олмагунимча уйланмоқчи эмасман!

«Ғам қилма, ҳозир уйланиш осон, ҳамма нарсани келин томон қиладиган бўлиб кетган», дейдиганлар ҳам топилади. Мен эса ғам чекаман, бахтли оила қуриш учун, келажагим учун қайғураман, чунки «куёвчак» бўлишни хоҳламайман! Уйимнинг хоналари кенг ва ёруғ бўлишини хоҳлайман, келинникидан келган бачкана мебелу, алламбало латта-путталар билан тўлдириб, кейин ҳаво етишмай бўғилиб яшашни истамайман! Ўзига чанг йиғишдан бошқасига ярамайдиган пардалар қуршовида ва тахтиравонга ўхшаган нақшинкор каравотда ётиш мен учун БАХТ тимсоли эмас!

Умуман, нега айнан каравотда ётиш керак? Ота-боболаримиз Италия ёки Хитойни мебелида ётишмаса ҳам бахтли бўлишганку! Ҳа, майли, замонга қараб «маданият»ли бўлиб каравотда ётиш шарт бўлса, ўша мебелни ўзим оламан, кўнглимга ёққанини, нақшлари ва ялтир-юлтури йўқ бўлса ҳам, «комфортний» ва ухлашга қулай бўлганини, асло келин олиб келган мебелда ухлай олмасам керак, ҳар сафар уйқуга ётганимда бу мебелни олиш учун қайнотамнинг қанча соғлиғи ва асаблари кетганини ўйлаб!

Оддийгина уйда, оддийгина жиҳозлар билан бўлса ҳам қалбимга ёққан, қараганимда кўзларим қувонадиган, ўйлаганимда ўзимни бахтиёр ҳис қиладиган аёлим бўлишини хоҳлайман! Эрталаб ҳашаматли хонада суймаган кишим билан эмас, оддий уйда бўлса ҳам ўзимни бахтиёр ҳис қилишимга сабабчи бўлган қадрдон инсоним билан тонг оттиришни истайман!

Аёлимни отасиникидан олиб келган кунимдан бошлаб ҳамма масъулиятини, соғлигида ҳам, касаллигида ҳам, шодлигида ҳам, қайғусида ҳам шерик бўлишни, болаларимни бирга чиройли тарбия қилишни, аёлим ҳеч қачон ота-онасиникига кўзида ёш билан, ҳаёт қийинчиликларидан нолиб бормаслигини хоҳлайман,

Тўғри, олтин тоғлар ваъда қилмайман, балки етишмовчиликларимизни меҳрим билан тўлдиришга, керак бўлса, агар ўғиллари бўлмаса, қайнона-қайнотамга ўғилдек бўлишга ҳаракат қиламан. Бахтли бўлишим учун кўп нарса керак эмас! Бахтсиз одамларгина атрофини бекорчи лаш-лушлар билан тўлдирадилар! Бахтиёрларга чайла ҳам кошона!

Онам яқинда гапириб бердилар, раҳматли Анваржон опоқдадам бувимларга меҳрлари тушиб уйланмоқчи бўлганларида, бувим аввалига рози бўлмаган эканлар, у пайтда икковлари ҳам Тошкентда битта олийгоҳда ўқишган.

Опоқдадам ортга чекинмай тинмай совчи қўйганлар, «биз ҳали тайёр эмасмиз», деган гапларига эса «ҳеч нарса керак эмас, тўй қилиш учун ўзим қарашиб юбораман», деб бувимнинг оилаларида ўғил йўқлигини билгач, тўйдан олдин бориб уйларини оқлаб, тўйга тайёргарликка қарашиб, қайноналарига овқатлар қилиб берган, шундай қилиб ҳамманинг меҳрини қозонган эканлар, хотин олиш учун ота-оналари эмас, ўзлари ҳаракат қилган эканлар, ҳеч қандай мебелсиз, бувимни борларича келин қилиб олиб кетган эканлар уйларига. То ўлгунларича бувимни эъзозлаганларини кўрдим.

У киши аёлга керакли энг муҳим нарса — меҳр ва муҳаббатни бера олганлар, шунинг учун бир умр бахтли яшашган, кейинчалик ҳамма нарсаларни ўзларини меҳнатлари билан қилишган ва ҳаётлари фаровон ўтган. Мана шу эркакча иш!

Шундай қилиб, умр савдосини ўйлаш менинг ҳам бошимга тушди, аниқроғи уйдагиларнинг қистови бошланди, «уйланишинг керак», «сен тенгқурлар 1–2 болалик бўлишга улгурди» ва ҳоказо...

«Эндими? 20 ёшимда, роса уйлангим келган пайтида нега юрагимга қўл солиб кўрмадиларинг, нега шартта бирор қизни топиб уйлантириб қўймадиларинг?», «Энди ёш, ғўр йигит эмасман, осонликча таслим бўлмайман, олахўржунни бўйнимга илмоқчимисизлар?», «Ўша пайтда уйланиш масаласи чиққанда, «аввал пул топ, оилани боқадиган бўл, кейин уйланасан, дея «доно» маслаҳат берганларнинг ўзларини, оталари 20 ёшида уйлантириб қўйган-да, биз бечораларни дардимизни тушунишмаган», «Энди қачо-о-он пулим кўпайиб кетса, ўзим хоҳлаганимда, ўзим хоҳлаган қизга уйланаман», деб ҳазил аралаш пўписа қилиб қўяман.

Аслида, улғайган сарим оиланинг масъулияти катталигини тушуниб, бу ишда шошилгим келмаяпти. Ўзимча «қаршилик» қилишимга қарамай қариндошлар, таниш-билишлар келинликка номзод баъзи қизларни кўрсатишди, бири ёқиб, бири ёқмади.

Ёққанларининг энг кўзга кўринган фазилати солиҳа ва илмга чанқоқлиги, интилувчанлиги бўлди, лекин мен ўзимни ундай қизларга лойиқ, деб билмадим, сабаби — мен улар китобларда ўқиб, хаёлларида орзу қилган идеалликдан йироқман, реалист, ҳаётни борича қабул қиладиган йигитман, эртакда яшамайман, у «маликалар»нинг «шаҳзодаси» эмаслигимни биламан.

Ёқмаган қизларнинг эса ота-онаси, қизларини «50 йиллик тажриба, илм ва бойликка эга, ҳашаматли уйи, иномарка машинаси, бирорта ишлаб чиқариш корхонаси, завод ёки фабрикаси, камида бирорта кичикроқ дўкончаси бор тадбиркор бўлган 20–25 ёшлик йигит»га узатишмоқчи бўлишлари кулгимни қистатиб, энсамни қотирди, «катталар ҳам эртакка ишонар экан-да», деб қўйдим.

Баъзи қизлар ўта содда ва зерикарли, умрида бирорта китоб ўқимагани, уй ишларидан бошқа нарсага қизиқмаслиги кўзларидан билиниб турадиган, баъзилари ота-онасининг насабига, мол-давлатига бино қўйган, баъзиси чиройига маҳлиё...

Хуллас, ҳали бахтим очилмади, ахир, олмос ҳам осонликча топилмайди-ку?

Куни-кеча, рус ҳамкасбим билан суҳбатда, «насиб қилса, тез орада уйланиш ниятидаман», дедим, у хурсанд булиб «ким у бахтли қиз» деди, мен эса кулиб «ҳали топганим йўқ ўша бахтли қизни, изладим ва ҳозир ҳам излаяпман, нафақат мен, балки бутун қавму-қариндошлар излашяпти, бизни юртда йигитлар уйланадиган пайтда ҳамма яқинлари «брачное агентство»га айланади», десам у ажабланиб: «Сизларда ажойиб эканку, ота-она топиб берса уйланиб кетаверасизларми? Биз ўзимиз топиб, қизни кўнглини олиб, унинг муҳаббати учун курашиб, кейин турмуш қурамиз, ота-оналаримизни фақат тўйимизга меҳмонга чақирамиз», деди.

Мен унга: «Кўпроқ янги лойиҳаларни амалга ошириб, кўпроқ пул топишим керак, чунки қиз топилса, бориб тўплаганимни сарфлаб, уйланишим керак», десам, «Бундан нима маъно» дейди, мен эса халқимизнинг севимли шиорини айтиб, «фахрландим»: «Элу юртга дастурхон ёзиб, ош бермасак, уят бўлади, одамлар гапиради», деб кулдим. У: «А когда живёте-то?» (унда қачон яшайсизлар?) деди. «Никогда» (ҳеч қачон), деб ҳазиллашдим.

Ростдан хам, ўзбек йигитининг ҳаёти учга бўлиниб, бири — тўйгача пул тўплаш, иккинчи — қисми эса тўйдан кейин қарз тўлаш ва ниҳоят, учинчиси — ушбу удум давомчисини катта қилишдан иборат бўлиб қолгандек гўё.

Нақадар зерикарли!

Ундай йигитларга хам ном қўйиб олдим, «куёвчак»нинг зидди бўлган «куюнчак»лар деб. Ҳар доим атрофдагиларни рози қилиш учун яшайдиган, топган пулини одамлар ўйлаб топган анъана, удум ва орзу-ҳавасларга сарфлайдиган, ўзи учун яшай олмайдиган бечора «куюнчак»лар. Лекин барибир худбин «куёвчак» бўлгандан кўра «куюнчак» бўлган яхшироқ. Аммо энг яхшиси ЭРКАК бўлиш ҳаммасидан аъло!

Атрофга қаранг!

Нега мен каби йигитлар уйланмай юрибди? Нега ёш оилалар қурилмасидан бузилиб кетяпти? Нега ота-оналар учун фарзанд бахтидан кўра шахсий орзу-ҳаваси афзал. Кейин яшаб кетар деб, қийноқ-қистов билан, мажбуран бир-бирини ёқтирмаган ёшларни қовуштирмоқчи бўлишади, тўй қилинади, томоша берилади, ҳамма қорни қаппайган, ўзига тўқ одамлар келиб, еб-ичиб, яна иғво қилиб кетади, ҳеч ким ўйламайдики, «бу икки бечора ёшнинг кўнглида ва хаёлида нима гап бор», деб. Авваллари катта акалар уйланишга ўйланиб қолганда ҳайрон бўлар эдим, «нимага ахир, оила қуриш зўр-ку», дея тезроқ тўйим бўлишига қизиқардим. Ҳозир эса ўзим ҳам ўйланиб қоламан.

Оила қуришга тайёрманми? Мен олишим мумкин бўлган қизлардан бирортаси оила қуришга тайёрми? Жисмоний томондан тайёрлигимга ва ўша қизлар ҳам бу борада етуклигига шубҳам йўқ. Лекин оилавий бурч, масъулият, эр-хотиннинг вазифалари деган нарсаларга-чи?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ) ҳазратларининг «Бахтиёр оила» китобларини ўқиб чиққач, мен ҳам, ҳозир уйланиб ёки уйланишга ҳаракат қилаётган бирорта йигит аслида оилавий ҳаётга тайёр эмаслигини билдим.

Уйланишдан аввал ҳамма, куёв ҳам, келин ҳам, уларнинг ота-онаси ҳам шу ва шунга ўхшаган китобларни ўқиб чиқса бўларди, деб ўйлардим. Лекин китоб бошқа, ҳаёт бошқа экан. Жоҳил, китоб ўқимаган одамларни қўйиб туринг, ҳатто баъзи «олим»ларнинг ҳам фарзандларига қандай тўйлар ўтказаётганини кўриб, ҳафсалам пир бўлди, дунё аҳли каби дабдабага берилиш уларда ҳам бор экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобаларига эргашганликни даъво қилаётган «аҳли илм»лар шундай қилиб турса, биз оддий мусулмонлар нима қилайлик?

Лекин мен уйлансам, суннатга мувофиқ, оддий тўй қилгим келади. Тўйимга бой-бадавлатларни эмас фақир мискинларни чорлагим келади, ҳаммасидан ҳам энг яхшиси, келин билан никоҳни ўқитгандан сўнг, катта зиёфат қилиб бериш ўрнига, биргалашиб юриб, ўша фақир-мискин кишиларнинг уйларига атаганларимизни олиб бориб: «Бизни дуо қилинглар», дегим келади...

Қани эди, шунақа тўйни орзу қиладиган қиз топилса...

Оила қуриш бу фақат тўй қилиш ва дабдабали ҳаёт эмас! Оила — иккита алоҳида шахснинг бир умрлик турмушга тайёр бўлишидан ҳосил бўлган битим.

Икки инсон қачон оилага тайёр бўлади?

Қачон ўзга одамнинг оғриғини ҳис қила олганда, бир-бирини тарбия қилишга, бир мақсад сари интилганда...

Ҳозирча гапим шу, агар яна бирор фикр келиб қолса албатта ёзаман, сизлар билан хайрлашганим йўқ!..

Айюб Рамз

(Малоҳат Анвар таҳрири билан)

Мавзуга оид