Агар 1980-90 йилларда кимдир “ўн йилликлар ўтиб, Ғарбий Европадаги асосий сиёсий кучлар – ултра ўнглар, ашаддий миллатчилар, ксенофоблар, исломофоблар бўлади” деганида эди, ҳеч ким ишонмасди, балки масхара қилиб кулган бўларди. Ҳозир эса улар Европада иккинчи йирик сиёсий кучга айланиб улгурди.

Ўтган асрлардаги жаҳон урушларидан кейин то 21-асргача ултра ўнг кучлар Европа сиёсий саҳнасида маргиналлар эди. Охирги пайтларда эса ғарбий Европа ва АҚШдаги энг катта ўзгаришлар – ултра ўнгларнинг, яъни ултра миллатчиларнинг кучайиши атрофида бўляпти.

Иккинчи жаҳон уруши – инсоният тарихидаги энг қирғинбарот уруш бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, тахминан 50 миллиондан 60 миллионгача инсон ҳалок бўлди. Бу урушнинг бош сабабчиси – мафкура эди. Италиядаги фашизм ва Германиядаги нацизм бутун Европани уруш ўчоғига айлантирди. Ҳитлер Германияси қўшни давлатларга бирин-кетин ҳужум қилди. Фашизм ва нацизмга кўра, инсонлар, миллатлар, халқлар, цивилизациялар тенг эмас ва тенг бўлиши ҳам мумкин эмас; олий ва паст миллатлар бўлади; қудратли давлатлар ва миллатлар заиф давлатлар ва миллатларни “еб, озиқланади”.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Германия ва Италия ўзининг қилган тарихий жиноятларини англай бошлади. Натижада бутун ғарб цивилизациясидаги энг катта сиёсий консенсус, яъни келишувнинг марказида битта сиёсий ақида турар эди – нима бўлганда ҳам, бундан кейин миллатчиликка, ксенофобияга йўл қўймаймиз, инсон ҳуқуқлари ва демократияга амал қиламиз, дейилди.

Лекин, мана, бугун яна Ғарбий Европа ва АҚШда ашаддий ўнглар бош кўтармоқда. Даставвал, 2000 йилда Францияда бўлиб ўтган президентлик сайловларида асосий номзод Жак Ширакнинг бош рақиби Жан-Мари Ле Пен бўлди. У ашаддий миллатчи, ксенофоб “Миллий фронт” партиясининг лидери эди. Ўшанда кўпчилик “бу шунчаки тасодиф, ўтиб кетади” деганди.

Бугун Жан-Мари Ле Пеннинг қизи Марин Ле Пен бошчилик қилаётган “Миллий бирлик” партияси Францияда энг катта иккинчи сиёсий куч. Марин Ле Пен 2027 йилги президентлик сайловларида Франция президенти бўлиш ниятида.

2016 йилда Британияда Брекзит юз берди. Бу ашаддий ўнгларнинг йирик ғалабаси эди. Орадан бир йил ўтиб, 2017 йилда АҚШ ҳокимиятига миллатчи, ксенофоб ва исломофоб Доналд Трамп келди. Трамп ҳокимиятга келганда, АҚШ сиёсий элитаси “тўрт йил чидаймиз, ва бундан кейин бунақа ултра ўнглар ҳокимиятга кела олмаслиги учун, барча чораларни кўрамиз” деган эди. Лекин мана, Трамп яна ҳокимиятга қайтди. Қайтганда ҳам, ўтган сафаргига нисбатан анча ишончли қайтди.