Light | 19:43 / 10.07.2017
53622
7 дақиқада ўқилади

Мўъжизавий табиат асари – “Ўрунгоч” кўлига фотосаёҳат

Айтишларича, табиат Яратганнинг санъат асари экан. Шаҳарлар ҳашамга қанчалар бурканмасин, инсон доимо табиат қўйнига шошади. Эҳтимол, инсоннинг беқарор руҳияти зарур таскинни, илҳомни ёки қувватни мудом ҳаракатда бўлган табиат бағридан олса керак. Шу сабабли бўлса керак, ёз келиши билан шаҳарликлар ҳордиқ чиқаргани тоғ-тошларга равона бўлишади. Шу кунларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган Хумсон тоғли ҳудуди ҳар қачонгидан гавжум бўлади.

Хумсонга сафаримиздан фойдаланиб, ҳамроҳлар билан кўпчилик орасида машҳур “Ўрунгоч” кўллари сари йўлга отландик.

Тошкент шаҳридан 160 чақирим узоқликда жойлашган "Ўрунгоч" (маҳаллий аҳоли тилида "ёрқин зумрад тош" маъносини беради) кўллари Угам-Чотқол Миллий парки ҳудудида жойлашган ва "Ўрунгоч" сойи ирмоқларидан ҳосил бўлган.

Бу кўлга қандай борилади?

Чирчиқ дарёсининг бошланиш қисмида қурилган Чорвоқ сув омборига етиб боргач, Нанай қишлоғига олиб борадиган йўлга тушиб олдик. 15 чақиримча юргач, Қорабулоқ постига етиб келдик. Маълум бўлишича, 2 кун  аввал жорий қилинган тартибга кўра, бундан кейин мазкур постдан ўтиш учун Сижжак аҳоли пунктида жойлашган Ички ишлар бўлинмасидан рухсатнома талаб қилинар экан. Рухсатнома олиш учун Сижжакка қайтдик. Рухсатнома бланкаси Ғазалкентдан етиб келишини кутишга тўғри келди. Қисқа фурсат ичида мазкур ИИВ бўлинмасида катта навбат юзага келди.

Рухсатнома фуқаролик паспорти билан берилади. Агар фарзандларингиз билан бирга бормоқчи бўлсангиз, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларини олишни ёддан чиқарманг. Ҳозирча хорижий фуқароларга постдан ўтишга рухсат берилмас экан.

Маслаҳат: Қорабулоққа бориб, рухсатнома учун яна ортга қайтиб овора бўлмаслик учун аввал Сижжакдаги мазкур милиция пунктига кириб ўтинг.

Бизгача ўша куни 125 нафар кишига рухсатнома берилган экан. Ҳужжат қўлга теккач, саргузашт илинжида йўлимизда давом этдик. Табиат гўзаллиги инсон баҳри дилини очади.

Аммо таъбингизни хира қиладиган ҳолатларга ҳам дуч келасиз. Қуйидаги суратнинг ўзиёқ одамлар тоққа нима мақсадда келишларига ойдинлик киритади.

Ҳар қанча уринманг, бу яқин атрофда бундай идишларни топа олмайсиз.

Аммо санъаткорона гўзаллик сизни яна тезда чалғитади. Бекорга гулларни “табиатнинг табассуми” дейишмайди.

Қорабулоқ постида рухсатнома ва фуқаролик паспортини назоратдан ўтказиш керак бўлади.

Ичкарилаган сайин табиат янада мафтункорлик касб эта бошлайди. Самога бўйлаган боботоғлар виқори қалбга кўчиб, фахр ҳиссини тўя бошлайсиз.

Испай, Майдонтол, Така-янғоқ, Чақмоқлисой, Тепар каби қишлоқларда ўзбек, тожик, қозоқ ва қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз аҳил-иноқликда кун кечирадилар. Маҳаллий аҳоли асосан чорвачилик билан шуғулланади. Шунингдек, тоғ ён-бағирлари бўйлаб гуркираб ўсган ёнғоқ ҳам бу ерликларнинг ризқ-насибаси. Ҳақиқий тоғ асалини шу ердан топса бўлади.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг қишлоқлардаги электр энергияси тақчиллигини кичик ГЭСлар қуриш орқали ҳал этиш таклифига кўра, мазкур ҳудудда қад ростлаётган электростанция аҳоли учун қувончли хабар бўлди. Ишлар эса аллақачон бошлаб юборилган.

Қишлоқлар ортда қолгач, қачонлардир асфальт ётқизилган йўллар тугайди.

Маслаҳат: Имкон қадар бу ерга саёҳатга келганида кузови юқорироқ бўлган транспортда келган маъқул. Шунингдек, йўл-йўлакай маҳаллий аҳоли томонидан қолдирилган телефон рақамларга кўзингиз тушади. Улар Нива, Жигули ёки "уазик"ларида сизни манзилгача олиб бориб, яна олиб келиб қўядилар. Аммо, автомобилни бу кимсасиз жойларда қолдириб кетишга ҳар кимнинг ҳам ҳадди сиғмайди.

Шунингдек, Ғазалкентдаги автобекатдан тўғридан-тўғри “Ўрунгоч” кўлига қатнайдиган таксиларни топиш ҳам мумкин. Бунинг учун бекатнинг “Туркистон” деб номланган қисмига келиш керак бўлади.

Кимдир сизга Damas автомобилида буюртма асосида бу ерга саёҳат уюштириб беришини таклиф қилса, буни рад этинг. Маҳаллий аҳоли билан суҳбатда маълум бўлишича, бу дараларда бундай русумли автомобилда юриш ҳаётни гаровга қўйиш билан баробар.

Дарвоқе, гарчи, олисда бўлса ҳам, бу ерлар ҳам мобил алоқа сигналлари билан қамраб олинган.

Алоқада қолишни истаганлар Uzmobile ёки UCELL компаниялари сим-карталарини олишлари лозим.

Мана бу манзара эса бизни ўзига мафтун қилиб қўйди.

Ниҳоят, Чорвоқ сув омборидан деярли 60 чақирим узоқликда жойлашган кичик “Ўрунгоч” кўлига оз қолди.

 Бу ер машинада келиш мумкин бўлган сўнгги манзил. Ундан кейин тошлоқ бошланади.

Ўзига ишонганлар ярим чақиримдан бир оз узоғроқ масофани яёв босиб ўтишлари мумкин.

Шунингдек, маҳаллий аҳоли бу ерда ҳам юриши мумкин бўлган транспорт муқобилини таклиф қилишади.

Яшиллик, тоза ҳаво ҳамда ёзнинг мусаффо салқинлиги танни яйратади. Мисоли илк маротаба одам қадами етган манзилларда қадам ташлаётгандек бўласиз. Аммо кўлга бир қадам қолганида бу ерга сизгача ҳам одам қадами етганига аниқ ишонч ҳосил қиласиз.

Зумрад кўлнинг гўзаллиги эса барча машаққатларни унутишга мажбур қилади.

Тоғ-тош ва қоялар билан ўраб олинган кичик кўлнинг ўртача чуқурлиги 4,0 метрни ташкил қилади. Унинг марказидаги чуқурлиги 10,4 метргача етади. Денгиз сатҳидан 1227 метр баландда жойлашган кўлнинг суви шу қадар совуқки, унда на балик, на бирор ҳашарот ёки ўсимлик кун кечирмайди.

Июлнинг бошида эгизак кўлларнинг фақат кичиги кристалл тиниқлигида мавжланади. Катта кўл эса август ойининг ўрталарида тиниқлашар экан. Шу боис, биз катта зумрад кўлга саёҳатимизни кейинги ойга режалаштирдик.

Якун.

Ватанни севиш уни билишдан бошланади. Юртнинг олис манзилларида умргузаронлик қилаётган ватандошнинг шукроналик кайфиятига тўла самимий суҳбатига қулоқ тутар экансиз, юракда чин ҳурмат уйғонади. Пурвиқор тоғлар, боғ-роғлар, дарё-сойларда кезар экансиз, қалбда соф ғурурни ҳис қиласиз. Ватан бўйлаб саёҳат шуурингизни бойитиб, қалбингизни нафислаштиради. Аслида маҳаллий туризмни ривожлантириш вазифасининг туб моҳияти ҳам ватанпарварлик билан боғлиқ.

Мўъжизавий табиат ҳодисаси бўлган “Ўрунгоч” кўлидан қайтар эканмиз, ич-ичимиздан Швейцария ёки донғи кетган Шотландия тоғларини, Ирланд дарёси этакларидаги яшил водийларни, Канаданинг мангу қояларидаги кумуш кўлларни рад этдик.

Шуҳрат САТТОРОВ, журналист.

Фотосуратлар Сарварбек Саъдуллаев билан ҳаммуаллифликда олинган.   

Мавзуга оид