Жаҳон | 11:00 / 09.10.2024
40394
5 дақиқада ўқилади

Америкалик аёл бор мулкини сотиб, орзусидаги саёҳатга чипта олганди. Аммо унга кемага чиқиш тақиқланди

Аёл 350 минг долларга кемада дунё бўйлаб саёҳат қилиш учун барча мол-мулкини сотди. Бироқ унинг орзуси амалга ошмай қолди — WhatsApp’даги ёзишмалари туфайли унга кемага чиқишга рухсат берилмади.

Фото: Daily Mail

Флорида штатида яшовчи 68 ёшли Женни Феникс Европа, Осиё ва Америка бўйлаб уч йиллик саёҳатни узоқ вақтдан бери кутаётганди. Аммо жиддий кечикишлар туфайли унинг орзуси барбод бўлди. Саёҳатга олиб чиқадиган Odyssey кемаси Ирландиянинг Белфаст шаҳрида уч ой ушланиб қолди.

Кемага эгалик қилувчи Life at Sea Cruises компанияси йўловчиларнинг овқатланиш ва яшаш харажатларини қопламаслиги олдиндан белгиланганди. Йўловчиларнинг кўпчилиги Белфастда қолиш учун ўз маблағларини сарфлашга мажбур экани аниқ бўлгач кема таъмирлангунча ўз мамлакатларига қайтишга қарор қилган.

Икки боланинг ёлғиз онаси Феникс умр бўйи орзу қилган саёҳатга чиқиш учун мол-мулкини сотганди. У кема Майамида тўхтаганда, Флоридада қолган нарсаларини олиб кетишни режалаштирган.

Аммо кема жўнаши кечиктирилди. Женни Феникс эса WhatsApp гуруҳидаги бошқа йўловчиларга бу аҳволда кема Майамида тўхтамаслигини айтган. У Белфастдан жўнаганидан кейин ҳам кемада таъмирлаш ишлари давом этишини тахмин қилган. Шунингдек, аёл ўзи банд қилган каютадан ҳалигача экипаж фойдаланаётгани сабабли, вақтинчалик каюта билан қаноатланишга мажбур бўлиши мумкинлигини айтган.

Бу гаплар қандайдир йўл билан круиз эгаларига етиб борди. Улар аёлга “жамиятнинг маънавий руҳига таъсир қилувчи хатти-ҳаракатлари” туфайли у билан саёҳат шартномаси бекор қилинганини билдирди.

Telegraph нашри хабар қилишича, бош операцион директор Кети Виллалба аёлга шундай хат юборган:

“Кема йўловчиларидан сизнинг доимий шикоятларингиз ва салбий муносабатингиз ҳақида ўндан ортиқ расмий эътироз олдик. Бундай хатти-ҳаракатлар бошқа йўловчиларнинг кайфияти ва фаровонлигига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатди. Шу сабабли, бошқа йўловчилар ўзларини хотиржам ва мамнун ҳис қилишлари учун сизнинг шартномангизни бутунлай бекор қилишга мажбурмиз”.

Бу хабар Фениксни ҳайратда қолдирди.

“Мен ҳеч қачон қўполлик ёки ҳурматсизлик қилмаганман. Булар шахсий суҳбатлар эди, ижтимоий тармоқларда ҳеч нарсани оммавий ёзмаганман”, — деди у.

Аёл биринчи рейснинг доимий равишда кечиктирилишидан ранжиган ягона одам эмаслигини айтди.

“Ҳар бир кечикишдан сўнг йўловчилар орасида норозилик ортиб борарди”, — деди Феникс. “Мен одатда бу ҳақда бошқаларга қараганда очиқроқ савол берардим. Кўплаб йўловчилар ўзлари ўйлаган, аммо айтишга ботинолмаган фикрларни очиқ айтганим учун менга шахсан миннатдорчилик билдиришарди.”

Йўловчилардан баъзилари саёҳатга чиқиш учун уйларини сотган, кема Белфастда тўхтаб қолганида улар қийинчиликларга дуч келганини айтган.

Феникс уч йиллик круизга қаттиқ умид боғлаганди. У илгари саёҳат қилмоқчи бўлган бошқа бир компания — Флоридадаги Life at Sea банкрот бўлган. Аёл ундан 30 000 доллар пулини ҳалигача олмаган.

2024 йилнинг май ойида у 147 мамлакат бўйлаб саёҳат қилишни режалаштирган Odyssey’га чиқиш учун Англиянинг Саутҳэмптон шаҳрига учиб келганди.

“Бизни бироз кечикиш ҳақида хабардор қилишди, аммо бу жиддий нарсадек туйилмаганди, шунинг учун саёҳат режалари ўз кучида қолди, меҳмонхоналар брон қилинганди”, — деди Феникс.

Бироқ кейинчалик компания кеманинг Белфастдан жўнаб кетиши 30 майга кўчирилганини маълум қилди. Кемада янада кўпроқ муаммолар аниқланган.

Пандемия даврида кема тўрт йил бекор турган. Кеманинг аввалги эгаси уни таъмирлаш кераклиги ҳақидаги тавсияларга амал қилмаган.

Кема таъмирланаётган вақтда энг сабрли йўловчилар Белфастда қолди. Феникс эса бошқа круиз — Royal Caribbean компаниясининг Serenade of the Seas кемасида тўрт ойлик саёҳатни амалга оширди, сўнг ўз она штатига қайтиб келди.

Унинг сўзларига кўра, Odyssey’даги круиз учун депозит унга қисман қайтарилган, аммо у ҳали ҳам нима бўлганини тушуна олмаяпти.

“Руҳий ва жисмоний азобларимни тасвирлаш қийин”, — деб таъкидлади Феникс. “Вазиятни болаларимга тушунтиргунимча бир неча ҳафта ўтди. Бу ҳақда гаплашиш ҳали ҳам мен учун оғир. Энди ҳаётимнинг мутлақо янги режасини ишлаб чиққунга қадар қизимникида яшашга тўғри келади”.

Аммо кема эгасининг айтишича, Феникс “ўзи имзолаган махфий келишувнинг бир нечта шартларини бузган”. Унинг аниқлик киритишича, круиз учун ҳақ тўлаган бошқа одамлар Фениксни йўловчилар сафидан чиқаришга рози бўлган.

Мавзуга оид