Жамият | 12:20 / 10.07.2017
23982
5 дақиқада ўқилади

Пенсияларни етказиб беришда нақд пул билан боғлиқ узилишлар бўлмайдими?

Президентнинг 2017 йил 13 мартдаги «Пенсия ва нафақаларни тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Халқ банки мамлакатда пенсия ва нафақаларни тўлаш бўйича ягона ваколатли банкка айланди. Кексаларга қулай хизматлар кўрсатиш, албатта қўшимча масъулият юклайди. Хўш, бунинг учун Халқ банкининг имкониятлари етарлими?

Акциядорлик тижорат Халқ банки “Пул муомаласи ва касса операциялари” департаменти директори ўринбосари Нодирбек Қодиров шу ва шу каби қатор саволларга жавоб берди.

— Президент тасдиқлаган Қарорга мувофиқ шу кунгача Халқ банки томонидан пенсия маблағларини тўлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилди?

— Қарорга мувофиқ, дастлаб жорий йилнинг 1 апрелидан Қорақалпоғистон республикаси, вилоятларнинг 13 та шаҳри ва пойтахт Тошкентнинг 6 та туманидаги барча маҳалла фуқаролар йиғинида Халқ банки томонидан пенсионерларга пенсия тўловлари тарқатила бошлаган эди. Бу борадаги ишларни кенгайтириб, шу йилнинг 1 майидан бошлаб 39 та туманида пенсия тўловлари тўлаб берилди. 1 июлдан бошлаб эса республиканинг барча туман ва шаҳарларида пенсия маблағларини Халқ банкининг 2 мингта сайёр кассалари орқали тўлаб берилиши жорий қилинди.

Агарда белгиланган вақтда пенсияни олишга улгура олмаган кексалар нима қилиши керак? Улар ўз пулларини бошқа кунларда қандай тартибда олиши мумкин бўлади?

— Эндиликда пенсионерлар ҳар ойлик пенсия маблағларини маҳаллий ҳокимлар, Халқ банки ва Пенсия жамғармаси томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ посёлка, қишлоқ, овул ва маҳаллалардаги фуқаролар йиғинларида жойлашган кассалардан олади. Қарор талабларидан келиб чиқиб, Халқ банки филиалларидан махсус кассаларга нақд пулларни ўз вақтида ва узлуксиз етказиб бериш учун 600 га яқин «Дамас» русумли автомашиналари билан таъминланди. Шунингдек, пенсия пули уйига олиб бориб бериладиган шахслар рўйхати ҳам тузиб чиқилди. Ўз вақтда пенсия пулини олишга улгура олмаган кексаларни уйларига олиб бориб бериш тартиби жорий этилди. Пенсия ва нафақаларни тўлаб бериш учун ташкил қилинган махсус кассаларнинг жойлашувида қандайдир ўзгаришлар юзага келса, пенсионер ва нафақахўрлар банк, шунингдек, қишлоқ, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан хабардор этилиши белгилаб қўйилди. Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан Халқ банки билан биргаликда пенсия ва нафақалар тўланишини онлайн режимда СМС-хабардор этиш тизимини амалга татбиқ этдик.

— Маълумки, ҳар бир янгилик ортида катта меҳнат ва масъулият ётади. Банкнинг барча туман ва шаҳар филиалларида кекса ва ногиронларга пенсия ва нафақа тўловлари ўз вақтида етказишларида муаммо бўлмаслиги учун бўлимлар ташкил этиш, уларни малакали мутахассислар билан тўлдириш борасида қандай ишлар амалга оширилаяпти?

— Шу ўринда касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 4 мингга яқин ўғил-қизлар кассир ва бухгалтер назоратчи лавозимларига ишга олиниб, уларнинг бандлиги таъминланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Халқ банки тизимида пенсия ва нафақа тўловларини тарқатиш бўйича барча масъул ходимлар учун ўқув семинарлари ташкил қилинди. Ходимлар тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиши, муомала маданияти бўйича билим, малака ҳамда тавсияларга эга бўлди.

Хизмат сифатини янада ошириш мақсадида банкнинг марказий аппаратидан малакали банк ходимлари бириктирилиб, улар филиал ва жойлардаги кассаларгача бориб, пенсия маблағларини тўлаб беришда амалий ёрдам бериб келмоқда.

Пенсионерларга янада қулайликлар яратиш мақсадида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биносида банк томонидан махсус стендлар тайёрланиб, улар фуқаролар учун зарур бўлган маълумотлар билан таъминланди ва кўринадиган жойга жойлаштирилди.

– Пенсия ва нафақаларни етказиб беришда нақд пул билан боғлиқ узилишлар юзага келмайдими?

– Пенсия маблағларини нақд пулда ўз вақтида тўлаб берилиши юзасидан Марказий банк билан ҳамкорликда барча зарурий чоралар кўрилмоқда. Халқ банки келгусида бу борада юзага келадиган барча муаммоларни тўлиқ бартараф этган ҳолда ишончли тизим асосида фаолият юритишда давом этади.

Шу ўринда фуқаролар учун яна бир қулайлик: Пенсия маблағларини тарқатилиши жараёнида пайдо бўладиган муаммо ва шикоятларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида «1106» қисқа рақамли «ишонч телефони» ташкил этилди. Фуқаролар унга қўнғироқ қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиши, ўз шикоят ва таклифлари юзасидан мурожаат қилишлари мумкин.

Мавзуга оид