Жамият | 23:00 / 12.12.2025
2952
3 дақиқада ўқилади

Халқ банкида коррупцияга қарши курашишга бағишланган “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди

2025 йил 11 декабр куни Тошкент шаҳридаги Халқ банки бош офисида “Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди. Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакиллари, журналистлар, блогерлар, Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари ва банк ходимлари иштирок этди.

Фото: Халқ банки

Тадбир бошида Халқ банки раҳбарияти томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида банк тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Бошқарув раиси ўринбосари Хасанжон Ахмедов банкда коррупция хавфини камайтириш, ички назорат тизимини кучайтириш ва ходимлар ўртасида масъулиятни оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди.

Шундан сўнг Ички назорат ва комплаенс департаменти директори Азамат Хаитов департаментнинг кунлик иш жараёнлари, мониторинг тизими ва рискларни аниқлаш механизмлари юзасидан батафсил маъруза қилди. Тадбир давомида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси прокурори Темур Сафаров коррупцияга қарши курашиш бўйича амалдаги қонунчилик ҳужжатларининг мазмуни ва уларнинг амалий татбиқи юзасидан тушунтириш берди. Унда коррупциянинг ҳуқуқий оқибатлари ва давлат идораларидаги янгиланган мониторинг тизимлари ҳақида тўлиқ айтиб ўтилди.

Очиқ эшиклар кунида тақдим этилган маълумотларга кўра, 2025 йилнинг 11 ойи давомида Халқ банкининг ички назорат бўлимлари томонидан 697 нафар янги ишга қабул қилинаётган ёки лавозими ўзгартирилаётган ходимлар бўйича текширувлар ўтказилган ва тегишли хулосалар берилган. 7 172 нафар ходимдан манфаатлар тўқнашуви бўйича йиллик декларациялар қабул қилинган ва аниқланган ҳолатлар бўйича чоралар кўрилган. Шунингдек, йил давомида банкнинг харид жараёнлари бўйича 310 та контрагент юзасидан ички ўрганишлар, шунингдек 65 та ички меъёрий ҳужжат ва 55 та янги банк маҳсулотлари лойиҳалари бўйича хулосалар тақдим этилган.

Банк ходимларининг малакасини ошириш мақсадида 2024–2025 йилларда мунтазам тренинглар ташкил этилган бўлиб, жорий йилда 533 нафар ходим, шу жумладан 102 нафар комплаенс мутахассиси махсус курсларда ўқитилгани қайд этилди.

Халқ банкининг коррупцияга қарши менежмент тизими ИСО 37001:2016 халқаро сертификатига эга бўлгани ҳам таъкидланди. 2024 йилда ўтказилган ташқи аудит натижасида мазкур сертификат муваффақиятли ҳимоя қилинган.

Шунингдек, давлат идоралари фаолияти самарадорлиги бўйича 2024 йил якунлари ҳам эълон қилиниб, натижаларга кўра Халқ банки 85 балл тўплаб “яхши” тоифага киритилган.

Тадбир якунида эса иштирокчилар учун савол-жавоблар ташкил этилди. Сўнгра шаффофликни таъминлаш, ички назоратни кучайтириш ва коррупцияга қарши курашишга доир қўшимча таклифлар ҳам муҳокама қилинди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид