Кун.uz сайтида Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар, янги фармонлар ва қонунларга ҳуқуқий муносабат кўринишида шарҳлар, тушунтиришлар бериш орқали аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган мақолалар бериб борилиши йўлга қўйилади. Ўқувчилар қонунчиликдаги мавжуд механизмлар ҳақида огоҳ қилиниб, улардан фойдаланиш ўргатилиши мақсад қилинган.

Шундай мақолалардан биринчиси ҳуқуқшунос Дилором Абдуллаева томонидан тайёрланди.

«Камолот»  ёшлар ҳаракати Қурултойида Президент Шавкат Мирзиёев хориждаги ёшлар, айниқса, ишчи-мигрантлар ҳам Ўзбекистон фуқаролари эканини ва доим давлат ҳимоясида бўлиши лозимлигини таъкидлаб ўтди. Ташқи ишлар вазирлигига хорижий давлатларда ҳам Ёшлар иттифоқи ташкилоти билан биргаликда ёшлар ҳамда фуқаролар манфаатини ҳимоя қилувчи чора-тадбирларни ишлаб чиқишга бир ой муҳлат берилди.

Бундан бироз аввал Қозоғистон ҳудудида автобус ҳалокатида вафот этган ва жабр кўрган Ўзбекистон фуқароларига давлат томонидан ёрдам кўрсатилиб, уларнинг жасадлари олиб келинишига Ташқи ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёрдамида махсус самолёт рейси ташкил қилингани ҳам яқин Ўзбекистон тарихида кузатилмаган ижобий иш бўлиб, давлат фуқаролар учун қанчалик қайғуриши, давлат идоралари ўзларининг Конституция ва қонунларда белгилаб қўйилган фуқаролар манфаатлари учун хизмат қилувчи вазифаларини бажараётганини кўрсатади. 

Яқинда ташкил этилган Халқаро Пресс-клубда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан бўлган суҳбатда ҳам хориждаги ва мамлакат ичидаги фуқароларни қизиқтирган кўплаб саволлар муҳокама қилинди. Тушган саволлардан бири Шуҳрат Калонов томонидан Туркманистонда узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган Ўзбекистон фуқаросининг жазони ўташ муддатини Ўзбекистонга кўчириш тўғрисида илтимос бўлди. Аммо Бош прокуратура ходими Хатамов томонидан мувофиқ жавоб берилмади. Жавоб тариқасида айтилган гаплар умумий бўлиб, айнан шу шахсга ёки бошқаларга шунга ўхшаш ҳолатларда қандай амалий ёрдам қилиниши лозимлиги ёки Ўзбекистон ҳукумати қандай кўмак бера олиши тилга олинмади. 

Шу ўринда, келинг, Ўзбекистон қонунларига кўра бундай ҳолатларда хориждаги фуқаролар манфаатларини давлат органлари қандай ҳимоя қилиш лозимлиги борасида бироз муҳокама қиламиз. 

Яқингача хорижда Ўзбекистон фуқароларининг давлат ҳимоясида экани амалда сезилмасди. Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистон хориждаги элчихона ва консулликларига иши тушмаслик учун иложи борича ўзини олиб қочиб юрар эди. Халқаро Пресс-клубдаги суҳбатда вазир Абдулазиз Комилов айтганидек, агар асосий вазифалардан бири бу халқаро миқёсда Ўзбекистон обрўсини кўтариш бўлса, унда, албатта, ишни хориждаги ўз фуқароларига бўлган ҳурмат ва кўмакдан бошлаш лозим.