Ўзбекистон | 00:10 / 10.07.2017
12985
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда синфлардаги ўқувчилар сони 35 нафардан ошмаслиги керак

Халқаро Пресс-клубнинг сўнгги сессияси "Сенат 6 ойда: сарҳисоб ва таҳлил" номи остида ўтди. Йиғилишда бугунги кундаги таълим соҳасидаги баъзи жараёнлар борасида саволлар билан мурожаат қилинди. Фан ва таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси З.М.Низомхўжаев қуйидагиларни маълум қилди:

"Назорат-таҳлил жараёнида "Таълим тўғрисида"ги қонунни ўрганиб чиқдик. Мазкур қонуннинг жойларда ижросини текшириш жараёнида биз шунга амин бўлдикки, ҳақиқатан бугунги кунда нафақат Тошкент шаҳрида, балки бошқа ҳудудларда ҳам мактаблардаги ўқувчилар сонининг ўсиб кетганининг гувоҳи бўлдик. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида бу кўрсаткич бир синфда 28-30 тадан ошмаслиги керак. Назорат жараёнлари асосида қўмитамиз қарорлар ишлаб чиқиб, улар Вазирлар Маҳкамасига ва Халқ таълими вазирлигига юборилган. 

Бугунги кунда Ҳаракатлар стратегиясининг ижтимоий ривожлантиришга қаратилган тўртинчи йўналишида ҳам бу таклифлар инобатга олиниб, янги мактабларнинг қурилиши ва 2017 йилнинг ўзида амалга ошириладиган реконструкциялар орқали мактабларнинг имкониятини ошириш, синфларни кенгайтириш бўйича янги имкониятлар яратиб берилади ва бу албатта ўз самарасини беради".

Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Ҳ.Даминов бу борада қўшимча қилди: "Жорий йилда умумий ўрта таълим тўғрисидаги низом янги тартибда ишлаб чиқилди ва у Вазирлар маҳкамасининг 140-сонли қарори билан тасдиқланди. Унга кўра, мактаблардаги шароитлардан келиб чиқиб, синфлардаги ўқувчилар сони 35 нафардан ошмаслиги керак. 

Аввалги қонун ҳужжатларига кўра, бир синфда таълим олувчи ўқувчилар сони 35 нафар этиб белгиланмаган. Бугунга келиб республикамизда 9680 умумий ўрта таълим мактаби фаолият кўрсатмоқда. Булардаги мавжуд қувватлар Ўзбекистондаги 4 миллион 600 мингдан ортиқ ўқувчига тўлиқ мос келади. Бироқ баъзи жойларда, масалан, узоқ чекка қишлоқларимизда 1-синфга қабул қилинувчи болалар шароит ва имкониятдан келиб чиқиб 40 нафаргача этиб белгиланган. Бугунги кунда таълим сифатини инобатга олган ҳолда бу кўрсаткич 35 нафар этиб белгиланди".

Шу ўринда ота-оналарга фарзандларини имкон қадар уйи яқинидаги мактабга бериш тавсия этилди. 

Мавзуга оид