«Поликлиникада навбатлар юзага келиши - халқ шифокорларимизга ишонч билдираётганидан дарак»
Янги лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирига келиб тушган ҳар бир савол, мурожаат ортида инсонларнинг дарди, алам ва оғриғи турибди. Барча келиб тушган мурожаатлар билан танишиб чиқиб, Алишер Шодмонов жавоб ва шарҳларни эълон қилишни унинг муштарийлар ва лойиҳа иштирокчиларига шахсий мурожаатидан бошлашни илтимос қилди, деб ёзади ut.uz.
- Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг ҳар бир чиқишида, учрашувларида халқимизнинг сифатли тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжларини қондириш зарурлигини таъкидлаб ўтадилар . Соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда тизимни янада такомиллаштириш, камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсияларини бердилар. Мамлакатимиз раҳбарининг таклифлари соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини янги асосда ташкиллаштириш учун дастур амал бўлди.
Шубҳасиз, қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар аҳолига сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Қисқа муддат ичида соҳани янада такомиллаштириш, кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш ва сифатини оширишга йўналтирилган мамлакатимиз Президентининг ўндан ортиқ қарор ва фармонлари қабул қилинди. Жумладан, улар аҳолини сифатли ва ҳамёнбоп дори воситалари билан таъминлаш, она ва болани муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини ишини янада яхшилаш, хусусий секторни ривожлантириш масалаларига таалуқлидир.
Ушбу ҳужжатларнинг ҳаётга татбиқ этилиши аҳолининг тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжлари сифатли ва самарали қондирилишига, даволашнинг энг замонавий услубларини жорий этилишига, хориждан таклиф қилинаётган врачлар сонини қисқартириш учун хизмат қилади. Фуқароларимизни қийнаётган масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш, инсонлар эҳтиёжларини ўрганиш ва улар ҳақида ғамхўрлик қилиш мамлакатимизда ҳар бир раҳбар ва мутахассиснинг биринчи даражали вазифаси бўлиб қолмоқда. Бу бизнинг соҳамизга ҳам тегишлидир. Ушбу мақсадларда соғлиқни сақлаш вазирининг виртуал қабулхонаси ташкил қилинган. Виртуал қабулхонага келиб тушган ҳар бир мурожаат мутахассислар томонидан назоратга олиниб, ўз вақтида ечимини топмоқда.
Янги лойиҳани қўллаб-қувватлаймиз ва таҳририятлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Келиб тушган мурожаатлардан биронтаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шахсан менинг ва мутахассисларимиз эътиборидан четда қолмади. Барча билдирилган таклиф ва истаклар вазирликнинг кейинчалик олиб борадиган фаолиятида, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилашда инобатга олинади.
Ойбек АҲМЕДОВ: Ассалому алайкум, Алишер Қаюмович! Мен болаликдан иккинчи гуруҳ ногирониман. Икки маротаба 1982 ва 1987 йилларда Москва шаҳридаги Сеченов номли академияда профессор Инесса Евгеньевна Шахбазянда даволанганман. Аллоҳга беҳисоб, беадад шукур, пешонамга умр ёзилган экан, яшаб юрибман.
Отамларнинг 2015 йили мазалари бўлмай қолди. Простата онкологияси ташхиси қўйилган эди. Яхши юрган эдилар. Бу йил январь ойидан бошлаб яна мазалари бўлмай қолди. Даволана бошладик.
Алишер Қаюмович!
Шу йили 31 майдан 9 июнгача касалхонада ётдик. Шуни айтишим керакки, шифохонадагиларнинг умуман муомаласи йўқ. Дангалига бунча бўлади деб, пул сўрашади. Берганингни секин кўриб, бу озроқ, камроқ деб яна сўрашади. Ҳамшираларнинг ёнига пул солиб қўймагунча муомала умуман йўқ. Капельницаларни қуйиб қўйиб, йўқ бўлиб кетишади. Адамларнинг ёнларида ўтириб, ўзим алмаштириб ўтирдим. Республика онкология маркази директори Мирзағолиб Тиллашайхов билан кўришиб, консультацияларини олишни маслаҳат беришган эди. Мазалари бўлмаган, зўрғагина ўрниларидан турғазиб адамларни, умид билан Мирзағолиб Ниғматовични олдиларига беш марта олиб бордим, бирор марта кира олмадик. Ундан ташқари Вилоят Онкология марказига Ойбек Ўткуровичнинг олдиларига борган эдик. Умуман одамгарчиликлари йўқ, қўпол врач эканлар.
Мен болалигимдан дўхтирма-дўхтир юрган инсонман. Лекин медицинамиз шунчалик ёмонлашиб кетганлигини билмаган эканман. Адамларни мазалари бўлмаганидан кейин, онкологларга ишимиз тушгандан кейин буни билдим, тушуниб етдим. Онкологик касалларга барибир кетадиган инсон дегандек қарашар экан. Адажоним 9 июнда шифохонадан чиққанимиздан кейин бир ҳафтагина яшадилар. 16 июнь куни, 64 ёшларида оламдан ўтдилар.
Ҳурматли Вазир, мени сиздан илтимосим медицина хизматида ишлаётган ишчи, хизматчиларингизни муомала қилишга, беморларга ҳурмат билан қарашга ўргатсангиз.
Мен адажонимни олиб юрганимда отажонимга муомала, яна қайтараман МУОМАЛА қилмаган инсонларни Аллоҳнинг ҳукмига топширдим.
Аллоҳим барча беморларимизга ғоибу хазинасидан шифо берсин.
Алишер Шодмонов: Ҳурматли Ойбек Аҳмедов! Сизнинг саволингизни ўқиб, авваламбор, отангизни йўқотганингиз муносабати билан Сизга ўз номимдан чуқур ҳамдардлик билдираман ва сабр тилайман.
Дарҳақиқат, Сиз ўтказган қайғули кунлар ва тиббиёт ходимларининг хатти-ҳаракатларидан, муомаласидан ҳақли норозилигингизга ҳеч қандай эътироз ва оқлаш йўқ.
Ҳар бир соҳада бўлгани каби, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам салбий ҳолатлар, жумладан, ўз касбига лоқайдлик, беморлар дардига бефарқлик ҳанузгача учрамоқда. Аксарият шифокорларимиз туну кун халқимизга беминнат хизмат қилиб келаётган бир вақтда, орамизда касбининг масъулияти ва шарафини ҳис қилмаётган ҳамкасбларимиз ҳам борлигидан афсусланамиз.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги доимий равишда ўз тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида тиббий ходимлар этикаси ва деонтологияси масалаларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу борада вазирликнинг махсус буйруғи қабул қилинган, жойларда ушбу буйруқ мазмун-моҳияти бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилмоқдаки, жорий йилнинг ўтган биринчи ярим йиллигида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт кадрларини тайёрлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш бўйича мамлакатимиз Президентининг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Жумладан, ушбу ҳужжатлар билан давлатимиз раҳбари томонидан аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизмат, шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати, ихтисослаштирилган марказлар фаолиятини янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгилаб берилди. Эътиборли томони, ушбу ҳужжатлар орасида айнан Сиз кўтарган масала юзасидан Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Унда мамлакатни ривожлантиришнинг муҳим ижтимоий устувор вазифалари сифатида аҳолига онкологик ёрдам бериш соҳасини такомиллаштириш ва модернизация қилиш соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилишнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган.
Сиз таъкидлаб ўтган ижтимоий ҳимояга ва қўллаб-қувватлашга биринчи навбатда муҳтож бўлган онкологик касалликларни даволаш сифатини янада яхшилаш йўлида олдимизга қўйилган улкан вазифалар босқичма-босқич белгиланган муддатларда бажарилиши таъминланади. Бу борада кўзланган асосий мақсад – жаҳон андозаларига мос тиббий хизмат кўрсатиб, халқимизни тиббиётдан рози қилиш йўлида хизмат қилаяпмиз.
Ва шу ўринда таъкидлаб ўтмоқчиманки, Сиз билдирган тавсия ва таклифлар чуқур ўрганилиб, келгуси фаолиятимизда, албатта, инобатга олинади. Чунки Президентимиз таъкидлаганидек, энди тиббиёт муассасасининг фаолиятига соҳа амалдорлари эмас, балки оддий одамлар, аҳолининг бевосита ўзи холис баҳо берадиган тизим яратилмоқда.
Ўктам УМАРОВ: Жорий йилдан бошлаб мамлакатимиздаги тиббиёт олий ўқув юртларига мақсадли қабул амалга оширилаяпти. Мақсадли қабулнинг асл моҳияти нимада? Яъни бу жараён қандай олиб борилади? Яна бир саволим: фарзандим Тошкент педиатрия институти академик лицейини битирган. Тошкент шаҳрида яшаётган бўлсак-да, асли келиб чиқишимиз Қашқадарё вилоятидан. Бизнинг вилоятимизда ҳам шифокорлар етишмайди. Қизим Тошкент давлат стоматология институтига ўқишга кирмоқчи. Тошкент шаҳридаги академик лицейни тамомлаган бўлса ҳам, мақсадли қабул учун ҳужжат топшириши мумкинми?
Алишер Шодмонов: Мақсадли қабулда ҳудудлар кесимида тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёж олдиндан белгилаб олинади ва эҳтиёжга қараб маҳаллий ҳокимият органлари (ҳокимликлар) ўз таклифларини беради. Шундан сўнг, мазкур мақсадли квотага давлат гранти асосида ўша ҳудуд вакиллари ўқишга қабул қилинади. Уларни давлат 5-6 йил бепул ўқитади, бунинг эвазига талабалар ўқишни тугатгач, ўз ҳудудида ишлаб беради. Бундан кўзланган мақсад – ҳудудлардаги кадрлар қўнимсизлигининг олдини олиш, чекка туманлардаги тиббиёт бирлашмаларини ҳам олий маълумотли малакали шифокорлар билан тўлдиришдир.
Иккинчи саволингиз кўпчилик ота-оналар ва абитуриентларни қизиқтирмоқда. Ҳақиқатан ҳам, тиббиёт йўналишида ўрта махсус таълимни Тошкент шаҳрида олаётган вилоятлик ёшлар оз эмас. Аммо Тошкент шаҳри учун мақсадли қабул ажратилмаган. Яъни Тошкент шаҳридаги тиббиёт коллежлари ва академик лицейларни тугатган абитуриентлар, асли доимий яшаш манзили вилоятларда бўлса ҳам, давлат гранти асосида қабул қилинмайди, улар учун фақат тўлов-контракт асосида ўқиш имкони мавжуд.
2017 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 393-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 10-бандига мувофиқ, тегишли ҳудудларга ажратилган мақсадли қабул квоталарига фақат тегишли ҳудудда яшаётган ва ҳудуднинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари томонидан берилган дипломга эга бўлган абитуриентлар ҳужжат топшира олади.
Иқбол ПАРДАЕВА: Президентимиз оилавий поликлиникаларни ривожлантириш ҳақида доим гапирадилар. Тиббий хизматни яхшилаш ҳақида топшириқлар берадилар. Биз буни телевизор орқали кўриб, жуда хурсанд бўлаяпмиз. Аммо поликлиникадаги навбатлар ҳали ҳам давом этаяпти. Икки нафар фарзандим бор. Болаларим касал бўлиб қолса, биринчи навбатда поликлиникага олиб бораман. Лекин поликлиникадаги навбатлардан беморлар кўп қийналмоқда. Мисол учун, лор шифокорга баъзан соатлаб навбат кутган вақтларимиз бўлган. Боланинг томоғи ё қулоғи оғриб, йиғлаб турганда навбатда туриш жуда қийин. УЗИ хонасига ҳам жуда узоқ кутиб кирилади. Поликлиникалардаги навбатлардан одамлар жуда қийналмоқда. Шуни ҳисобга олишингизни сўрар эдим.
Алишер Шодмонов: Ҳақиқатан ҳам, давлатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жойларга чиққанида, албатта, оилавий поликлиникаларга ташриф буюриб, тиббиётнинг бирламчи бўғинига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Поликлиникада навбатларнинг юзага келиши, авваламбор, халқимиз бирламчи тиббий хизматга ишонч билдириб, мурожаат қилаётганидан дарак. Демак, аҳолида бирламчи тиббий-санитария хизматига эҳтиёж билан бирга ишончи ҳам юқори.
Бу эса навбатларнинг пайдо бўлишига олиб келаётир. Ушбу масалага ечим сифатида бугун бир қатор амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шайхонтоҳур туманида бўлганда аҳолига малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш бўйича намунали оилавий поликлиникани айнан шу туманда ташкил этиш таклифини киритган эди. Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиника мазкур мақсад учун танланди.
Поликлиникага, одатда, режали тарзда ва шошилинч ҳолатларда мурожаат қилинади. Оилавий поликлиникада ҳар икки ҳолатда ҳам беморга ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган бўлиши лозим.
47-оилавий поликлиникада агар бемор режали тарзда тиббий кўрикдан ўтмоқчи бўлса, шифокор қабулига олдиндан ёзилиши мумкин. Буни икки хил усулда амалга ошириш мумкин: телефон орқали ва уйдан чиқмаган ҳолда, электрон тарзда. Бу ислоҳот айнан навбатларнинг олдини олишга қаратилган.
Яна бир қулайлик, бемор шифокор қабулига олдиндан навбат олмай келган бўлса, поликлиниканинг ўзида электрон тарзда навбатда туради. Бунинг учун ҳар бир ташриф буюрувчи махсус ўрнатилган қурилма орқали ўз тартиб рақамини олиб, мониторда навбати қачон келишини кузатиб бориши мумкин.
Шошилинч ҳолатларда эса, мурожаат тушган хонадонга зудлик билан етиб бориш учун поликлиника қошида тез тиббий ёрдам подстанцияси ва унга бириктирилган махсус автомашина хизмати йўлга қўйилган. Ушбу подстанциянинг поликлиника қошида ташкил этилиши бежиз эмас. Бундан кўзланган мақсад – тез тиббий ёрдам чақирилганда масофа билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш ҳамда бригада хонадонга етиб боргунча беморнинг амбулатор картаси билан танишиб боришдир.
Яна бир эътиборли жиҳат дори-дармон воситалар таъминоти билан боғлиқ. Яқиндан поликлиника ичида чекланган нархларда савдо қилувчи дорихона ва фитобар фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, шифо муассасасини дори-дармон воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар ҳам оширилмоқда.
Келажакда ушбу тажриба мамлакатимиздаги барча оилавий поликлиникаларга татбиқ этилиши кўзда тутилган. Бу ҳаракат бирламчи бўғинда халқимизга сифатли, тезкор ва самарали хизмат кўрсатишни таъминлайди.
Мавзуга оид
19:43 / 09.01.2024
Алишер Шодмонов узоқ муддатли таътилга чиқди
10:26 / 12.08.2023
Алишер Шодмонов вазирнинг биринчи ўринбосари бўлиб қайтди
17:30 / 05.07.2022
“Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири” — Алишер Шодмонов
15:41 / 02.04.2022