Ўзбекистон | 20:17 / 13.07.2017
121333
3 дақиқада ўқилади

«Дамас»ни тўхтатишди-ю...

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 9 мартдаги «Автомобил транспортида йўловчилар ташиш соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида турларини амалга оширишни тартибга солиш тўғрисида»ги Қарори билан бу соҳадаги фаолиятнинг тартиб-қоидалари белгилаб берилган.

Андижон вилоятининг Андижон туманида яшовчи Музробжон Рисқиев (исм-фамилияси ўзгартирилган) «Дамас» автомашинасини миниб, кўчага чиқса яйраб-яшнаб кетади. Бунинг сабаби бор... — деб ҳикоя қилинади ДСҚ расмий сайтидаги мақолада.

Туман марказидан Андижон шаҳригача бир қадам. Машинаси йўловчига тўлса бўлди, манзилга бир зумда етиб боради-ю, йўл ҳақини санаб олади, даромадни киссасига уради. Биров мушугини «пишт» демаса бўлди. Аммо...

Ҳаётда тартиб-тамойил, қоида ва талаб деган тушунчалар ҳам бор. Ҳозир автотранспортда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб юрган ҳушёр ҳайдовчиларга «Автомобил транспортида йўловчилар ташиш соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида турларини амалга оширишни тартибга солиш тўғрисида»ги 303-сонли қарор билан танишмисиз?» десангиз, «албатта!» деган жавобни оласиз. Шундай бўлиши ҳам керак.

Афсуски, Музробжонга ўхшаган уддабуронлар эса, фақат ўзининг манфаатини ўйлашдан нарига ўтмайди. У сингари айрим «қулоқсиз» учарларнинг пешонаси «тақ» этиб деворга урилмагунича инсофга келмас экан.

Ваҳоланки, Музробжон Рисқиев 2015 йил 23 декабр куни Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз, махсус рухсатнома (лицензия) олмасдан аҳолига пуллик транспорт хизмати кўрсатиш билан шуғулланганлиги учун маъмурий жазога тортилган эди. Аммо, у сўқир ҳассасини бир марта йўқотади, деган гапнинг мағзини чақиб улгурмаган экан. Худди шундай қилмишни такрорлади-ю, яна боши эгилди. 

Албатта, ҳар қандай жиноятга инсонпарварлик тамойиллари асосида баҳо берилади. Музробжоннинг хатти-ҳаракати «қасддан содир этилган ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят» деб ҳисобланиб, унга имконият берилди. Лекин, ҳар қандай ноқонуний ишга жазо муқаррар.

«Дамас» автомашинаси тўхтатилган, бироқ ўзини тўхтатолмаган Музробжон Рисқиев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 190-моддаси биринчи қисми билан ҳар ойлик иш ҳақининг ўн фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда, бир йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди. У жазони назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган жойда ўтайдиган бўлди. Ушбу ҳукм кўчага автомашинасини миниб чиқиб, йўловчи ташиб, мўмай даромад топаман, деган босар-тусарини билмайдиганларга сабоқ бўлмоғи даркор.

Мавзуга оид