Ўзбекистон | 10:06 / 13.07.2017
69032
3 дақиқада ўқилади

ЎзЛиДеПнинг Андижон вилоят кенгашида шармандали муҳит вужудга келган

12 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Видеоселектор давомида сиёсий партияларнинг айрим раҳбарларининг номақбул хатти-ҳаракатлари келтириб ўтилди.

Президент сиёсий партияларнинг қониқарсиз фаолияти кўп ҳолларда марказий ва маҳаллий партия ташкилотларининг айрим раҳбарлари ўртасидаги номақбул хатти-ҳаракатлар билан боғлиқлигини айтиб ўтди. 

«Партия етакчиси» деган номга доғ тушириш, ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш, молиявий жиноятларга қўл уриш, маиший бузуқлик, таъмагирлик, ўз шахсий манфаатини, ўз бизнесини устун қўйиш каби ҳолатлар мавжудлиги ҳақида етарли маълумотлар бор. 

Қанчалик оғир бўлмасин, шу борада баъзи бир мисолларга мурожаат қилишга тўғри келади. ЎзЛиДеПнинг Андижон вилояти кенгашининг собиқ раиси З.Жумабоев партия ташкилотига раҳбарлик қилишдан ўзини четга олиб, ишни ўз ҳолига ташлаб қўйган. Асосий ишни олиб борган унинг биринчи ўринбосари А.Мамажонов эса вилоят кенгаши девонида номаъқул, айтиш мумкинки, шармандали муҳит вужудга келишига сабаб бўлган. Ўйлайманки, гап нима ҳақида бораётганини, кўпчилигингиз яхши тушунасиз. 

ХДПнинг Тошкент вилояти кенгашининг собиқ раиси С.Агзамов ташкилот балансида бўлган товар-моддий бойликларни сотиш, турли хил баҳоналар билан қўл остидаги ходимлардан пул йиғиш каби ишлар билан шуғулланиб юрган. 

«Адолат» социал-демократик партиясининг Бухоро вилояти кенгаши раиси А.Турсунов ўз фаолиятида хунук салбий ҳолатларга йўл қўйиб, ўз обрўсини йўқотган, кенгаш фаолияти ўз ҳолига ташлаб қўйилган. 

Бундай мисолларни, афсуски, аксарият вилоят ва туманлардаги партиялар кенгашлари фаолиятидан ҳам келтириш мумкин. 

Ушбу ҳолатларнинг кўпчилиги бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноят ишлари очилган бўлиб, айбдорлар қонун олдида жавоб берган ва жавоб бермоқда. Лекин улар аввало ўз виждони олдида, партиядошлари олдида жавоб бериши керак эмасми?», дея таъкидлаган давлат раҳбари. 

Президент шу муносабат билан ана шундай ҳар қайси салбий воқеага нисбатан партиялар раҳбарияти томонидан принципиал ва қатъий баҳо берилиши зарурлигига эътибор қаратган.

«Талаб даражасида эмас» — Шавкат Мирзиёев сиёсий партиялар фаолиятини жиддий танқид қилди

Мавзуга оид