Ўзбекистон | 17:40 / 14.07.2017
19202
7 дақиқада ўқилади

«Биз уялдик». Танқидга учраган сиёсий партиялар барчаси ростлигини таъкидлашмоқда

Фото: President.uz

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган видеоселектор-йиғилишида давлат раҳбарининг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” деб номланган маърузасини депутат ва сенаторлар, сиёсий партиялар вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, умуман, барча йиғилганлар дахлдорлик ва масъулият ҳисси билан тинглашди.

“Халқ сўзи” газетаси мухбири бу ҳақда сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари аъзолари фикрлари билан қизиқди.    

“Шиддат билан ўтиб бораётган давр парламент палаталари, сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартиришни талаб этмоқда. Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида бу ҳақда муфассал тўхталиб ўтди. Тадбиркор ва ишбилармонлар манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлаган партиямиз фаолияти жиддий ва ўринли танқид қилинди”, - дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Клара Жумамуратова.

Унинг айтишича, ҳақиқатан ҳам, ҳалигача хусусий мулк, жумладан, интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш эътибордан четда қолмоқда. “Айтиш жуда оғир, аммо бу — ҳақиқат. Одамлар баландпарвоз гапларга эмас, балки амалий саъй-ҳаракатларга ишонади. Бунга ҳар ойда туманларга чиқиб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш чоғида амин бўлаяпмиз. Чунки анчадан буён йиғилиб қолган муаммолар кўп. Президентимиз мазкур учрашувлар шунчаки номига, ҳисобот учун ташкил этилаётганини куйинчаклик билан айтганида, рости, уялиб кетдик. Танқидий фикрлардан тегишли хулоса чиқарган ҳолда, мулоқотларимизни очиқ ва янгича руҳда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Муаммони аниқлаб, ечимини назорат қилиш баробарида, унинг сабабларини ўрганиш, ҳал этиш, амалий ёрдам кўрсатиш фаолиятимизнинг асосий йўналиши бўлиши лозим, деб ҳисоблайман”, - дейди Жумамуратова. 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Алишер Қодировнинг айтишича, давлат раҳбари ўз маърузасида парламент палаталари, сиёсий партиялар фаолиятини чуқур таҳлил этиб берди. Сиёсий партиялар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида партия фракциялари томонидан устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар деярли сезилмаётгани қаттиқ танқид остига олинди. 

“Дарҳақиқат, бугун “Миллий тикланиш” ДП одамлар орасида мустаҳкам ўрин эгаллай олмаяпти. Миллий меросимиз ва қадриятларимизни тиклаш, туризм соҳасини ривожлантиришни асосий мақсад қилган бўлсак-да, бу борада фаоллик кўрсата олмаяпмиз. Назаримда, сиёсий партияларнинг профессионаллиги, масъулиятини мунтазам юксалтириб бориш керак. Чунки улар мамлакатни иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ривожлантириш бўйича ғояларни илгари суради. Шу ўринда табиий савол туғилади: ушбу ғояларнинг қайси бири илмий ёки иқтисодий жиҳатдан таҳлил қилинган? Партия ходимлари уларни халққа лўнда қилиб тушунтириб бера оладими? Албатта, ҳозир бу борада мақтана олмаймиз. Президентимиз олдимизга қўйган долзарб вазифалардан келиб чиқиб, ҳар бир партия ўзининг ғояларни тадқиқ қилиш ва ходимларни ўқитиш марказларига эга бўлиши зарур. Бу марказлар жамиятимизда сиёсий партияларни шакллантириш билан бирга, пировард мақсадимиз — фуқаролик жамияти қуришга ҳам хизмат қилган бўлар эди”, - дейди Қодиров.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Феруза Эшматованинг сўзларига кўра, мамлакат раҳбарининг парламент палаталари вакиллари билан ўтказган очиқ мулоқоти фаолият юзасидан яна бир бор чуқур мушоҳада қилишга ундайди.

“Тан олиш керак, сиёсий партиялар халқ манфаатларини таъминлаш йўлида самарали иш олиб бораётгани йўқ. Чунончи, маърузада ХДПнинг қонун ташаббускори бўлиб майдонга чиқмагани, кексалар ҳаётини яхшилашга оид амалий ҳаракатлари сезилмаётгани ҳақида рўйирост келтириб ўтилди. Дарҳақиқат, ХДПдан сайланган депутат сифатида айтишим лозимки, сайловолди дастуримизда берилган ваъдаларимизнинг кўп қисми ҳали-ҳануз бажарилмасдан қолмоқда. Президентимизнинг бизга нисбатан билдирган эътироз ва танқидий фикрларини ўринли, деб ҳисоблаймиз. Айниқса, қонунларни ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, экспертлар гуруҳлари билан яхши ҳамкорлик йўлга қўйилмагани айни ҳақиқат. Аслида, ҳар бир қўмита қошида жамоат ташкилотлари вакиллари, амалиётчилар, етук олимлардан ташкил топган 11-12 кишидан иборат экспертлар гуруҳлари мавжуд. Лекин уларни тўғри йўналтириб, салоҳиятидан тўлақонли фойдалана олмаяпмиз. Ана шу гуруҳлар билан ишлаш механизми тўғри йўлга қўйилмаган. Кўп нарса қоғозда қолиб кетаяпти. Экспертлар фақат қўмита тадбирларида иштирок этиш билан чегараланиб қолмоқда. Улар билан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиб, тизимли ишлашни йўлга қўйишимиз мақсадга мувофиқдир”, - дейди Феруза Эшматова.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубовнинг билдиришича, Президентнинг видеоселектор йиғилишида айтган “Депутатга беписандлик — халққа беписандлик, деб баҳоланиши шарт” сўзлари барчани тўлқинлантириб юборган. 

“Бу, шунингдек, янада ташаббус кўрсатиб ишлашимизга имконият яратади. Чунки шундай қонун лойиҳалари борки, уларни Қонунчилик палатасига киритиш учун айрим вазирликлардан хулоса олиш керак. Баъзи раҳбарларнинг мазкур жараённи асоссиз чўзиб юбориши, ўз вақтида жавоб бермаслиги оқибатида кўплаб лойиҳалар столларда қолиб кетмоқда. Давлатимиз раҳбарининг халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради, деган қатъий фикрлари бу борадаги ишларни жадаллаштириш, айниқса, депутат сўрови каби парламент назоратининг таъсирчан шаклидан самарали фойдаланишимизга кенг имкон яратади”, - дейди “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси.     

Ўз навбатида, Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзоси Абдураҳим Қурбоновнинг айтишича, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида Экоҳаракат фаолияти Президент маърузасида яққол очиб берилди. 

“Ҳақиқатан ҳам, ҳали олдинда бажаришимиз лозим бўлган вазифалар кўп эканлигига амин бўлдик. Маърузада юртимиз экологик ҳолати аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш нуқтаи назаридан кенг таҳлил этилди. Она-табиатни асраш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, тозалик, озодалик, поклик — халқимизга хос фазилат. Уни асраб-авайлаш вазифамиз ва бурчимиз. Экологик муаммоларни бартараф этиш учун ҳар бир кишининг экологик маданияти юксак бўлиши лозим. Айниқса, ёш авлод қалбида табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш муҳим. -Президентимиз таъкидлаганидек, биз томондан бу борада аниқ таклиф ва амалий ташаббуслар сезилмаяпти. Бундан хулоса чиқаришимиз керак. Эндиликда атроф-муҳит муҳофазаси масаласида қабул қилинган қонунлар ва давлат миқёсидаги бошқа қарорлар ижросини таъминлаш ҳамда мазкур соҳадаги қонунчиликни ривожлантириш ва такомиллаштириш жараёнларига масъулият билан ёндашамиз”, - деган Қурбонов. 

Мавзуга оид