Ўзбекистон | 12:48 / 14.07.2017
4902
2 дақиқада ўқилади

Комилов Европа Комиссиясининг Бош директори билан учрашди

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

2017 йилнинг 14 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқи Комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича Бош директорати раҳбари Стефано Мансервиси бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Суҳбат давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, ЕИнинг Марказий Осиё билан янги ҳамкорлик стратегиясининг самарадорлигини ошириш нуқтаи назаридан уни тадбиқ этиш жараёни муҳокама қилинди.

Учрашувда Брюссель шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон-ЕИ” ҳамкорлик кенгашининг 13-мажлиси, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Бош вакили Федерика Могеринининг мамлакатга ташрифи, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” минтақалараро учрашувининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш ва бошқа қўшма тадбирларга тайёргарлик кўриш жараёни амалий жиҳатдан кўриб чиқилди.

Молиявий-техник соҳада алоқаларни мустаҳкамлашга масъул шерикчиликнинг янги органи – Ривожланиш мақсадида ҳамкорлик бўйича кичик қўмитани таъсис этишга икки томон ҳам рози эканлиги тасдиқланди. Учрашувда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Музокараларда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси раҳбари, Элчи Эдуард Стрипрайс иштирок этди.

Мавзуга оид