Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Янги геосиёсий минтақа туғилди” – Абдулазиз Комилов Озарбойжоннинг форматга қўшилиши ҳақида
Тошкентдаги Марказий Осиё давлат раҳбарлари саммити якунлари бўйича ОАВ билан гаплашган Абдулазиз Комиловга кўра, энди минтақа интеграция томон янада илдам қадам ташламоқда. Марказий Осиёдаги ҳамкорлик алоқаларида эса бу инқилоб ясайди. Озарбойжоннинг форматга қўшилиши эса Жанубий Кавказ билан биргаликда янги геосиёсий минтақани яратди.
Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов медиа вакиллари билан гаплашар экан, Тошкентдаги саммит якунларини юқори баҳолади. Бунга бир қатор сабаблар бор. Аввало, энди минтақа давлатлари ҳамкорлик алоқаларида инқилобий қадам ташламоқда – Марказий Осиё интеграцияси томон илдам қадам ташланяпти.
Бундан ташқари, Озарбойжон расман Марказий Осиё давлатлари маслаҳат учрашуви саммитларида доимий қатнашадиган бўлди. Яъни форматнинг доимий аъзоси. Бу эса Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида янги геосиёсий маконни яратади.
“Марказий Осиё давлатлари янги босқичга ўтишди - икки томонлама масалалардан янги кун тартибига. Янги кун тартиби эса минтақавий интеграция. Сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва бошқа йўналишларда. Иккинчидан, биз учун жуда муҳим воқеа бўлди, расмий равишда Озарбойжон бизнинг саммитимизга, бизнинг форматимизга қўшилгани. Бугун Озарбойжон президенти нутқида таъкидлаб ўтдиларки, бугундан бошлаб Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ орасида боғлиқлик кучаймоқда ва янги геосиёсий, геоиқтисодий минтақа туғилди. Бу нима дегани? Агар биз келажакда мана шу боғлиқликни кучайтириб, ривожлантириб келсак, бу биз учун, бизнинг минтақамиз, Жанубий Кавказ учун барқарорликни, тинчликни, хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади”, - дейди президент маслаҳатчиси.
Унинг қўшимча қилишича, саммитда берилган таклифлар бир-бирига жуда яқин.
“Агар бундай бир назар ташласангиз, ҳамма раҳбарлар, ҳамма президентлар бир-бирига яқин таклифларни киритдилар. Бир-бирига яқин кун тартибидаги масалаларни кўтаришди. Бу яъни нима дегани? Бу - Марказий Осиё давлатларининг яна бирлашиб, битта куч бўлиб, битта минтақавий овоз билан халқаро майдонда гаплашиб, ўзларини намойиш қилишга яна ҳаракат қилишлари дегани”, - дейди Комилов.
Марказий Осиёнинг бирлашуви ҳақида гап кетганда экспертлардан турлича фикрлар янграйди. Масалан, интеграцияга минтақадаги давлатлар турлича кўз билан қараши ҳақида таҳлиллар кўп. Лекин президент маслаҳатчисига кўра, ҳозир ҳар беш давлат бунинг тарафдори бўлмоқда.
-Сиз айтаётган мана шу регионал интеграцияга барча давлатлар қандай қарайди? Умуман олганда, уларнинг ҳаммаси ҳам хоҳлайдими интеграцияни?
-Албатта.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, кейинги маслаҳат учрашувига Туркманистон мезбонлик қиладиган бўлди.
Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.
Мавзуга оид
10:53
Япония Марказий Осиёда 3 триллионлик янги лойиҳаларни режалаштирмоқда
14:10 / 22.12.2025
“Россия ҳар доимгидек жараёнларга аралашиб, назоратни йўқотмасликка ҳаракат қилмоқда” — Раббимов
08:45 / 18.12.2025
Раҳмон: чегара келишувлари Марказий Осиёда ишонч ва барқарорликни кучайтирди
18:08 / 17.12.2025