Ўзбекистон | 09:00
644
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов Хорватия бош вазири билан музокара ўтказди

Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов амалий ташриф билан Хорватияда бўлиб, мамлакат бош вазири Андрей Пленкович ҳамда қатор юқори лавозимли расмийлар билан музокаралар ўтказди. Томонлар сиёсий мулоқот, инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: Дунё

17–21 май кунлари бўлиб ўтган ташриф доирасида Абдулазиз Комилов Хорватия бош вазири Андрей Пленкович, бош вазир ўринбосари — денгиз, транспорт ва инфратузилма вазири Олег Буткович, ташқи ва Европа ишлари вазири Гордан Грлич-Радман, шунингдек, туризм ва спорт вазири Тончи Главина билан учрашувлар ўтказди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Хорватия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда олий ва юқори даражадаги ташрифларни фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш ва идоралараро алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, транспорт ва логистика, энергетика, саноат кооперацияси, рақамлаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари, туризм ва инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

Ташриф давомида Хорватиянинг етакчи компаниялари ва ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳам учрашувлар ташкил этилди. Уларда сармоявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва замонавий технологияларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, Хорватия компанияларининг 2026 йил 16–18 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро инвестиция форумида иштирок этиши бўйича келишувга эришилди.

Ташриф якунида томонлар Ўзбекистон ва Хорватия ўртасидаги шерикликни янада мустаҳкамлаш ва икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид