Ўзбекистон | 09:49 / 15.07.2017
16511
2 дақиқада ўқилади

Президент депутатлар ҳақида: “Ишлаган билан ишламаганнинг фарқи бўлиши керак”

Фото: ЎзА

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза қилди. Президентнинг маълум қилишича, сиёсий партияларнинг ўз фракциялари билан узвий алоқасини кучайтириш даркор. 

“Бу борада, йилда бир маротаба сиёсий партия раҳбарларининг президент билан учрашувини ўтказиш амалиётини йўлга қўйсак мақсадга мувофиқ бўлар эди”, - деган Мирзиёев.

“Бугунги кунда сиёсий партиялар фракциялари ва депутатларининг қонун ташаббускорлиги бўйича фаолияти ҳам талаб даражасида эмас. Мисол учун, 2015-2017 йилларда парламентимиз томонидан 55 та қонун қабул қилинган бўлса, фракциялар томонидан билдирилган ташаббуслар асосида қабул қилинган биронта ҳам қонун йўқ. Биронта ҳам. Мана шунинг ўзи сиёсий партияларнинг бугунги фаолиятига берилган баҳо эмасми?”, - деди Президент.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бу соҳадаги ишларни яхшилаш учун қонунчилик ташаббуси билан чиққан ва шу ташаббуси қабул қилинган депутатларни рағбатлантириш тизимини жорий қилиш лозим. “Ишлаган билан ишламаганнинг фарқи бўлиши керак”, - деди Мирзиёев.

Мавзуга оид