Сурхондарёда вилоят ҳокими Узун ва Сариосиё туманлари халқи билан учрашди
Бугун Сурхондарё вилоят ҳокими ва вилоят давлат ташкилотлари раҳбарлари Узун ва Сариосиё тумани халқи билан учрашишди.
Тушдан кейин Сариосиё туманидаги 66-ихтисослашган мактаб-интернатида бўлиб ўтган учрашувни очар экан, Сурхондарё вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ўзи билан вилоятдаги барча мутасадди раҳбарлар ҳам келганига алоҳида таъкидлаб ўтди.
«Бугун шу ерга тўпланган ҳар бир сариосиёликнинг муаммо ва таклифларини кечгача бўлса ҳам ўрганмасдан кетмаймиз, ҳар бирингизнинг мурожаатингизни эшитиб, ўрганиб чиқамиз. Ҳар бир мурожаат қайд қилиниб, ёзиб олинади, ижроси ва назорати ҳал бўлганга қадар кузатилиб борилади», — деб таъкидлади Э.Турдимов.
Қайд этиб ўтиш жоизки, «2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» доирасида ўтказилаётган ушбу учрашув вилоят раҳбари бошчилигида барча туманларда бўлиб ўтмоқда. Хусусан, бундай учрашувларнинг ўтказилиш санаси, жойи ва вақти аввалдан вилоят телерадиокомпаниясининг «Сурхондарё» телерадиоканали орқали эълон қилиб борилмоқда.
«Узун туманида бўлиб ўтган учрашув мобайнида энг кўп мурожаат турар жой учун ер ажратиш мавзусида бўлиб ўтди. Энди бу масалада туман хотин-қизлар қўмитасига ариза билан мурожаат қилишларингизни сўрайман. Туман хотин-қизлар қўмитаси маҳалладаги маслаҳатчи аёллар билан биргаликда ер участкаларга чиндан ҳам муҳтож оилаларни аниқлаб беради ва рўйхат тузади. Чунки аёл киши кўнгилчан бўлади ва улар бу масалада алдашмайди. Мен бу масалани уларга ишонаман», — деди Э.Турдимов.
«Суғориладиган ерлардан участка ажратилмаслигини таъкидлайман. Суғориладиган ерлар фақат деҳқончилик учун. Сув чиқмайдиган, лекин яроқли ерларда турар жой массивлари барпо этамиз ва ундай жойларга давлат йўл, ичимлик суви ва электр токи ўтказиб беради. Газ таъминоти эса баллонлар воситасида бўлади. Массивнинг ўртасида келажакда мактаб барпо этиш учун ҳудуд қолдирилади.
Уй-жойлар чин етимларга ва ўта ночор оилаларга шундай, ҳеч қандай тўловларсиз берилади. Кам таъминланган оилаларга эса ёпиқ аукцион орқали, бирламчи, арзонлаштирилган нархда ажратилади. Қолганлар оддий аукцион орқали харид қилади. Туман архитектори ер тузувчилар билан бориб, қозиқ қоқиб харидорларга бўлиб беришади», — деб масалани тушунтирди вилоят ҳокими.
Шундан сўнг халқ билан мулоқот учун келган вилоятдаги раҳбарлар бирма-бир таништириб чиқилди ва улар ўзларига тегишли соҳалар бўйича, хусусан, вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг ўзи ҳам фуқароларнинг муаммо ва таклифлари билан шахсан танишиб чиқиш учун бирма-бир қабулни бошлашди.
Шуҳрат Шокиржонов,
Кун.уз мухбири
Мавзуга оид
13:36 / 06.11.2024
Сурхондарёда Cobalt'нинг газ қувурига урилиши оқибатида авария ҳолати содир бўлди
20:01 / 01.11.2024
Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев вафот этди
10:02 / 19.10.2024
Сурхондарёда аҳолига тарқатилиши керак бўлган 1 400 тонна кўмир талон-торож қилинди
07:40 / 18.10.2024