Жамият | 11:13 / 20.07.2017
18181
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда қизларни алдаб, пул топиш билан шуғулланган фирибгар йигит ушланди

Урганчлик Улуғбек Раҳимовнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) “шўх”ликлари ўзини суднинг қора курсиси томон етаклади. Аслида унинг қилмишларини фирибгарлик сифатида таърифласак, тўғри бўлади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Улуғбек биринчи турмушидан ажрашгач, ўзи учун пул топишнинг янгича усулини кашф қилди. Қиш кунларининг бирида Насиба исмли қиз билан танишди. Гўзаллик салонида ишлайдиган Насибанинг топармон-тутармонлиги Улуғбекка ёқиб тушди. Қизни “даромад манбаи”га айлантирди. Аввалига унга дил изҳори қилди, қизни аврай олмагач, уйланишга ваъда берди. Ҳатто қонуний никоҳдан ҳам ўтди. Шундан сўнг “бир ўзи тўй қила олмаслиги”ни айтиб, тўй харажатларини қоплашда ёрдам сўради. Урганчдаги машҳур тўйхоналардан бирини банд қилганлигини ҳам билдирди. Қиздан аввалига 1000 АҚШ доллари ундиришга муваффақ бўлди. Кейин ичимликларга, ширинликларга, дея бўлиб-бўлиб яна беш миллион сўм олди. Улуғбек тўй кунини бежиз “1 апрелда қиламиз”, демаган шекилли. Санага саноқли кун қолганда, тўйни бошқа кунга кўчиришни таклиф қилди. Кейин эса жанжалга баҳона топиб, Насибадан узоқлашиш чораларини кўра бошлади. Охир-оқибат тўйнинг бекор қилинганлигини, унга уйланмаслигини очиқдан-очиқ эълон қилди.

Бу пайтда Улуғбек яна бир найрангни бошлаган, Малика исмли турмушидан ажрашган қиз билан танишиб, унга ҳам севги изҳори қилиб улгурган эди. Бироқ, унга уйланишни эмас, шерикликни таклиф қилди.

-  Ҳар биримиз ўттиз миллион сўмдан пул қўйиб, кафе очамиз. Онанг билан синглингни ҳам ишга оламиз, даромадни тенг бўламиз, - дея ваъда қилди.

Жувон унга ишонди. Уйига таклиф қилиб, оиласидагилар билан таништирди. Малика йигитга бўлиб-бўлиб, 28 млн. 550 минг сўм пул берди. Кейинчалик, қизнинг онасидан кафени таъмирлашга керак, дея омборхонасида турган 14 дона ёғоч-тахта, суюлтирилган газ балони ва 100 АҚШ доллари олишга ҳам муваффақ бўлди.

Кафе ишга тушди. Навбат даромадга келганда, Улуғбек сўзидан тонди. Муаммолари кўплигини, даромад яхши эмаслигини ва бошқа баҳоналарни рўкач қилиб, фойдани бўлишишни орқага суриш баробарида, Маликадан узоқлашиш йўлини излай бошлади.

Ўзини уддабурон деб билган Улуғбек адашди. Гал қонун олдида жавоб беришга тўғри келганида, турли баҳоналарни ўйлаб топа бошлади. Бир кўрсатмаси бошқасини инкор қилди. Охир-оқибат қизларни алдаб топган пулларни эгаларига қайтариб беришига тўғри келди.

Шунингдек, унга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди ва жазо муқаррарлиги таъминланди.

Мавзуга оид