19:57 / 25.07.2017
67564

ТОП-10: давлатлар ўртасидаги энг ғалати чегаралар

Дунё шундай тузилганки, унда турли инсонларнинг ҳудудларини ажратиб турувчи, хаёлий ёки кўз билан илғаш мумкин чегаралар мавжуд. Давлат чегаралари — уларнинг энг сезиларлисидир. Уни турлича кесиб ўтиш мумкин: паспортингизда бир талай визалар билан ёки демаркация чизиғини билдирмасдан босиб. Қуйида Trendymen.ru томонидан тайёрланган, 10та энг ғалати чегара ҳақидаги маълумот қўшни давлатларнинг муносабатлари ҳақида ҳар қандай сўзлардан кўра яхшироқ тушунча беради.

 

Болгария - Руминия

Давлат чегараси ҳар доим ҳам унинг икки томонида яшовчи инсонларни ажратиб қўя қолмайди, лекин усиз яшаб ҳам бўлмайди. Суратда Болгария (чапда) ва Руминия (ўнгда) чегараси қуш парвози баландлигидан туриб қуролланмаган кўз билан шакл ва мазмун жиҳатидан фарқланмоқда.

 

Ҳиндистон - Покистон

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги чегара тантанавор дарвоза шаклида ясалган ва ундан расмий тадбирлар ҳамда ҳарбий ўқув машқларида фойдаланилади. Чегарада учрашиш маросими азалий анъана ҳисобланади ва икки давлат ўртасидаги биродарлик муносабатларини намойиш этиб беради. Вагаҳ маросими 1959 йилдан буён икки томондан аскарлар иштирокида ҳар куни бўлиб ўтади ва тунги вақтда байроқларнинг туширилиши билан якун топади.

 

Италия - Франция

Халқаро космик станция бортидан олинган ушбу сурат Италиянинг Турин шаҳри ва Франциянинг Лион шаҳрига ёндош ҳудудларни қамраб олган. Уларнинг ўртасига табиий чегара бўлиб Альп тоғлари тушган, унинг чўққилари бўйлаб давлат чегараси ўтган. Альп тоғлари умумий ҳисобда саккиз давлат: Франция, Монако, Италия, Швейцария, Лихтенштейн, Германия, Австрия ва Словения учун чегара бўлиб хизмат қилади.

 

Ҳаити - Доминикана

Доминикан республикаси (ўнгда) қурғоқчиликни енгиш ва ҳудудни ободонлаштириш учун етарли маблағга эга. Ҳаити эса (чапда) бунга қодир эмас, шу сабабли унинг ҳудуди ном-нишонсиз чўлга ўхшайди.

 

Россия - АҚШ

Шарқда Алясканинг Стюарт ярим ороли ва ғарбда Сибирнинг Чукотка ярим ороли ўртасидаги Беринг бўғози. Сурат марказидаги Катта ва Кичик Диомид ороллари ўртасидан Россия ва АҚШ чегараси ўтади.

 

Англия - Шотландия

Буюк Британия узоқ даврлардан бери бус-бутун давлат эканлигига қарамасдан, англияликлар ва шотландияликлар ерларининг қаердан бошланиб, қаерда тугашини жуда яхши билишади ва эслашади. Чегара 1575 йилги инглиз-шотланд урушидан сўнг ўрнатилган ва ўшандан бери байроқлар ва мегалит тошлар билан белгиланиб келади.

 

Мексика - АҚШ

Мексика-Америка чегарасидаги ушбу халқ ёдгорлиги анъанавий усулда барпо этилган ва икки давлат ўртасидаги чегарани кесиб ўтишда ҳалок бўлган юзлаб қурбонларга бағишланади.

 

Шимолий Корея — Жанубий Корея

Икки Кореяни — турли қадриятларга эга икки дунёни бўлиб турувчи бу ер тасмаси ҳарбийсизлаштирилган зона сифатида танилган. 200 километрлик чегара тасмаси 1953 йилги Корея уруши даврида ўлчаб олинган ва ҳар икки томондан юзлаб асирларни алмаштириш жойи бўлган. Давлатлар ўртасидаги жанжал совет иттифоқи ва Қўшма Штатлар ўртасидаги прокси-уруш туфайли келиб чиққан эди.

 

Нидерландия - Бельгия

Нидерландия ва Бельгия ўрта асрлардаёқ давлат сифатида шаклланган, лекин дўстона қўшнилар сифатида деярли ҳеч қачон урушишмаган ва бунинг оқибатида жиддий чегаралар барпо этишга ҳам ҳожат бўлмаган. Бугун мамлакатлар ўртасидаги демаркацион чизиқ фақат рамзий маънодагина ишлатилади.

 

Россия - Гуржистон

Россия-Гуржистон чегарасидаги чегара назорат пункти тоғ довонидан ўтувчи узун туннелга кириш олдидан барпо этилган. У бу мамлакатларнинг биридан иккинчисига ўтиш учун ягона ўтиш жойи бўлиб хизмат қилади ва туннелнинг ўтказиш қобилияти пастлигидан бу ерда турнақатор навбатлар ҳосил бўлади.

Top