Ўзбекистон | 10:12
513
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида рақамли божхона назорати жорий этилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги «Ғишткўприк»–«Жибек жўли» назорат-ўтказиш пунктлари замонавий рақамли технологиялар асосида модернизация қилиниб, интеллектуал божхона мажмуаларига айлантирилади. Бу чегара назоратини тезкор ва шаффоф қилиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги савдо ва транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Фото: УзА

Ўзбекистон Божхона қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Ғайрат Носиров ҳамда Қозоғистон Давлат даромадлари қўмитаси раиси Жандос Дуйсимбиев бошчилигидаги делегациялар «Ғишткўприк»–«Жибек жўли» чегара назорат-ўтказиш пунктларида амалга оширилаётган модернизация ишлари билан танишди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда чегара инфратузилмасини халқаро стандартлар асосида янгилаш, ўтказувчанлик қобилиятини ошириш ва рақамли технологияларни кенг жорий этишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Шу доирада «Ғишткўприк» божхона пости замонавий интеллектуал божхона мажмуаси сифатида фаолият юритиши учун қайта жиҳозланди.

Постда автоматлаштирилган назорат тизимлари, юқори аниқликдаги инспекцион-кўрик сканерлари, хавфларни бошқариш механизмлари ҳамда илғор ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилган. Бу эса фуқаролар, транспорт воситалари ва товарларни тезкор ҳамда шаффоф тарзда назорат қилиш, расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш имконини беради.

Шунингдек, Қозоғистон томонидаги «Жибек жўли» божхона пости ҳам замонавий муҳандислик ечимлари ва рақамли бошқарув технологиялари асосида модернизация қилинмоқда.

Учрашувда икки мамлакат божхона хизматлари ўртасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, товарлар ва транспорт воситалари бўйича электрон маълумот алмашинувини ривожлантириш, қўшма рақамли ечимларни жорий этиш ҳамда чегара назорати самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар амалга оширилаётган ишлар ташқи савдо ҳажмини кўпайтириш, транзит ташувларини жадаллаштириш, логистика йўлакларининг рақобатбардошлигини ошириш ва чегарадан ўтиш тартиб-таомилларини янада соддалаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид