Россияга кетаётган меҳнат муҳожирларига сертификатлар топширилди
26 июль куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Россия Федерациясига ишлаш учун жўнаб кетаётган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари иштирокида анжуман ташкил этилди. Анжуманда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Азиз Абдуҳакимов меҳнат муҳожирлари билан учрашиб, уларга йўл-йўриқлар кўрсатиб, керакли маслаҳатларни айтиб ўтди. Бу ҳақда тадбирда иштирок этган Кун.uz мухбири хабар беради.
Тадбирда, шунингдек, Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари ҳамда журналистлар иштирок этишди.
Ўзбекистон ва Россия ўртасида имзоланган битимга мувофиқ, Россияда меҳнат қилаётган ва меҳнат қилиш истагида бўлган фуқароларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ҳимояланади. Иш берувчининг мигрантларни ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилишда иштирок этишининг мажбурий шартлари қуйидагилар:
- зарурий санитария-гигиена ва бошқа меъёрларга мувофиқ яшаш жойлари;
- меҳнатнинг хавфсиз шартлари;
- иш жойларида техника хавфсизлигини таъминлаш;
- меҳнатни қўриқлаш;
- Россия Федерация қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам даражадан кам бўлмаган кафолатланган меҳнат ҳақи бериш.
Айни дамда Ташқи миграция, рекруция фаолияти тўғрисида янги қонун лойиҳалари яратилмоқда. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Агентликнинг филиаллари Ўзбекистоннинг барча вилоятларида очилиши мақсад қилинган. Шунингдек, Россиянинг 8 та шаҳрида, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари кўпчиликни ташкил этадиган Қозоғистон, Корея, Япония, Польшада ҳам ваколатхоналар очиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон ва Россия ўртасида имзоланган битим мехнат миграцияси жараёнларини қонуний оқимга солиш имконини беради, меҳнаткаш ишчиларнинг ўзга юртда ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилади, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини кафолатлайди. Бундан ташқари, одам савдосига сабаб бўлувчи ноқонуний миграциянинг олдини олишга ёрдам беради.
Бугунги тадбир якунида меҳнат мигрантларига вазирлик томонидан сертификатлар топширилди.
Мавзуга оид
19:04 / 29.10.2024
Россияда ноқонуний мигрантларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилди
21:28 / 26.10.2024
Россияда чет элликлар билан сохта никоҳ қуришга қарши қонун қабул қилинди
07:36 / 25.10.2024
Миграция агентлигининг айрим функциялари хусусий секторга ўтказилади
20:36 / 23.10.2024