Бу йил 21 октябрда Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 28 йил бўлади. 1989 йилда туғилган бола 28га кирди. Фарзанд кўрди. Ўзбек тили расмий юқори мақомга чиққандан сўнг, иккинчи авлодни кўрмоқда. Лотин алифбосига ўтилган пайтда туғилган авлод аллақачон 20 ёшдан ўтиб бўлди ва баъзилари фарзанд кўришди. Лотин ёзувига асосланган ўзбек тили алифбоси ҳам иккинчи авлодни қарши олмоқда.

Бу (лотин алифбосига асосланган) йўл шахсан Ватан тараққиёти учун глобаллашув асрида жуда зарур бўлган, деб биламан. Лотин ёзуви қарийб барча давлатларда, шарқу ғарбда алмаштириб бўлмас ёзувга айланиб бўлди. Бунинг сабабини ХХI аср технологиялар асри бўлиши билан ҳам боғлаш мумкин. Қайси оммавий дастурлаш тили кирилл алифбосида ёки Хитой ироглифлари ёрдамида ёзилади? Халқаро авиация тили қайси тилга асосланган ва у қайси ёзув асосида? Яқин қўшнимиз, Қозоғистоннинг ҳам биздан йиллар ўтиб, якуний Лотин ёзуви ҳақидаги қарорга келгани ҳам қайсидир маънода фикримиз тасдиғи бўлиб турибди. Туркман оғаларимиз ҳам, узил-кесил лотин алифбосидан фойдаланишади. Уйимда 4 та туркман телеканали кўрсатади. Ҳаттоки орқа фонда ҳам кирилл шрифтларида ёзилган ёзув топишингиз мушкул. Туркманлар ва озарбайжонлик қардошларимиз учун, лотин алифбосига асосланган маҳаллий тилга ўтиш учун 1 йил кифоя қилди.

Факт

WorldStandards маълумотлар марказига кўра, дунёда 252 миллион одам кирилл алифбосидан фойдаланади (Жаҳоннинг тахминан 3.8 фоиз аҳолиси). Шулардан ярми, лотин алифбосига ўтиш жараёнида ёки расман ўтиб бўлган ҳудудларда яшамоқда. Лотин алифбоси бундан 10 баробар кўп одам томонидан истеъмолда (ер юзидаги аҳолининг 36 фоизи). Қисқаси, мустақилликдан аввал туғилган ва мустабид совет ҳукуматига хайрихоҳ одам бўлмасангиз, юқоридагилар учун қарама-қарши мунозара олиб келишингиз қийин. Ҳукуматимиз, ниманидир билмаса, олдиндан қарор чиқармаган бу масалада.

Муаммо

Шундай бўлишига қарамасдан, ҳозирги ҳаётимизнинг жуда кўплаб соҳаларида бу масалада оқсамоқдамиз. Давлат идораларининг аксарида ҳали ҳам лотин алифбосида тўлдириладиган ҳужжатлар мавжуд эмас. Идоралар ўртасида ҳужжатлар алмашинуви ва ёзишмалар кўпинча рус тилида юргизилади. Бунга Давлат ахборот хавфсизлиги нуқтаи назаридан назар солиш керак бўлади. Баъзи расмий сайтлари ҳали ҳам русча қисқартмалардан ташкил топган (масалан мвд.уз). Миллий телеканалларимиз – асосий қарор тарғиботчиларидир.

Афсус, ўзлари ҳали ҳам кирилл алифбосида аксар кўрсатувларни тайёрламоқдалар. Бошқа шу каби масалаларга яхшироқ эътибор берилмаса, кейинчалик деярли барча соҳаларда бўшлиқ пайдо бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Кирилл алифбосидан фойдаланадиган, рус тилига ихтисослашган мактаблар мустақиллик бошида ва ҳозир ҳам давом этиб келаётган эмиграция ҳисобига сон жиҳатдан камайиб кетди. Яна, маҳаллий аҳолининг тез суратда ўсиши ҳам бунда асосий факторлардан бири бўлмоқда. Келажакдаги вазият ва халқаро тренд (компютер дастурлари ва астро-физика) қай тарафга кетаётгани кундек равшан. Шулардан ҳам хулоса қилмасдан, бу масалада эътиборсиз бўлиш узоқ муддатли мамлакат мақсадларини фақат ва фақат секинлаштиради.