Ўзбекистон | 20:13 / 01.08.2017
42193
3 дақиқада ўқилади

Тест имтиҳонларини ёритиш учун келган журналистнинг барча суратлари ўчириб юборилди

Иллюстратив сурат. Фото: Kun.uz

Журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг маълум қилишича, 1 август куни у Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиалига ўқишга кирмоқчи бўлган абитуриентлар тест синовларини топшираётган бинога келади. Журналистнинг Facebook'даги саҳифасида билдиришича, у ерда ички ишлар ходимлари бир йигитнинг ортидан қувлаб кетганини кўрган. Ўша ерда турган “ишқибозларнинг” сўзларига кўра, у йигит бошқа абитуриентнинг ўрнига тест синовларини топширмоқчи бўлган. Маълум бўлишича, бундайлар сони бир неча кишига тенг бўлган. Уларни автобусга чиқара бошлашган, Раҳматуллаев эса уларни ҳисоблаб, битта фотосуратни олишга улгурган. Унинг сўзларига кўра, ҳаммаси бўлиб 11 йигит бўлган.

Шундан сўнг журналист масъул шахслардан бирининг олдига келиб, интервью олишга ҳаракат қилган. Бироқ, унинг ёнига ички ишлар идораларининг ходимларидан бири келиб, фотоаппаратни беришни сўрайди. Раҳматуллаев журналист экани ҳамда кириш имтиҳонлари ҳақида репортаж тайёрлаётганини айтган. Ички ишлар идораси ходимининг таклифига кўра, подполковник унвонига эга бўлган зобит уларнинг ёнига яқинлашган. Журналист унга гувоҳномасини кўрсатган ҳамда ўз мақсади ҳақида гапирмоқчи бўлганида, кутилмаган сўзларни эшитган. Раҳматуллаевнинг айтишича, зобит шундай деган: “Мен сизни биламан, нимани ёзишингизни ва кимга хизмат қилишингизни ҳам биламан”.

Подполковник ёнида тегишли формаси бўлмаган ёш йигитлардан бирига фотоаппаратдан барча суратларни ўчириб юбориш вазифасини топширди. Журналист унинг хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф эканини тушунтирмоқчи бўлган. “Мен ўз ишимни қилмоқдаман, ҳамда умуман, бизнинг Конституцияга кўра, нафақат журналист маълумотни олиши ва тарқатиш ҳуқуқига эга, балки ҳар бир фуқаронинг ҳам бунга ҳақи бор”, - деган у зобитга. Бироқ, унинг бу сўзлари ҳеч қандай натижа олиб келмаган.

Бу вақтда эса фуқаролик кийимидаги шахс фотосуратларни ўчириш билан шуғулланган. Журналист сўнгги бешта суратдан бошқалари умуман ўзга тадбирларда олингани, ҳамда бугунги ҳолатга алоқаси йўқ эканини айтади. Бироқ, у бунга эътибор бермайди, ҳамда бугунги суратларни ўчириб юбориб, фотоаппаратдаги бутун архивни кўра бошлайди. Раҳматуллаевнинг унинг бу ҳаракатлари қонунга хилоф экани ҳақидаги сўзлари унга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган. У бутун архивни кўриб бўлгач, журналистга фотоқурилмани қайтиб берган.

Шундан сўнг Раҳматуллаев 6-ички ишлар бўлинмасига олиб борилади. У ерда эса бир неча савол-жавобдан сўнг, маълумотлар журналга киритилгач журналистга жавоб беришади.

Мавзуга оид