Жамият | 16:44 / 02.08.2017
24258
4 дақиқада ўқилади

Бир ватан, бир байроқ

Ватаннинг рамзлари кўп. Айтмоқ мумкинки, юртим деганда ҳар бир инсоннинг кўз олдида турлича манзара намоён бўлади. Кимдир она қишлоғини эслайди, яна кимгадир улуғвор тоғлару гавжум шаҳарлар ёдга тушади. Аммо ватаннинг умуминсоният қабул қилган шундай рамзлари борки, у ҳар бир давлатнинг ўзлигини англатади. Шулардан бири ва энг муҳими байроқдир.

Бир ижодкор акамиз шундай деганди: “Кунларнинг бирида қалбимда улуғвор ҳислар жўш уриб, балконимизга Ўзбекистон байроғини осиб қўйдим. Қойил қилдим, деб ўтирсам, келинойингиз келиб “Дадаси, тез йиғиштиринг, ҳозир қудалар келиши керак, кўрганлар нима дейди?” деб қолса денг. Мен ҳам ортиқча гап сўз қилмай йиғиштириб қўя қолдим...”.

Фото: Kun.uz

Негадир бизда шунақа, байроқ фақат расмий тадбирларда, давлатга алоқадор бинолар ёнида ҳилпираши керак, деган тушунча шаклланган. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор албатта, хусусан байроқдан қандай фойдаланиш бўйича алоҳида қоидалар мавжуд, уларга ҳамма бўйсунишга мажбур. Шунингдек, байроқ фақат давлатники деган фикр ҳам онгимизга чуқур ўрнашиб олганки, биз юртимизнинг бу рамзини яхши кўрсакда, кўтариб юришни, ардоқли жойларга осиб қўйишни, энг муҳими тўлқинланган пайтимизда кўзга суртиб йиғлашни ўзимизга эп билмаймиз. Кимдир шундай қилса ҳам бизга эриш туйилади. 

Аммо бунинг учун фақат олимпиадада ғалаба қилиш, ёки байрам бўлиши шарт эмас!

Қолаверса яна бир муҳим жиҳат бор: хоҳласакда, байроқни ҳар доим топа олмаймиз. Бир дўконда кўриб қолиб, нархини сўрадим – 136 000 сўм! Ўртача бир байроқ. Деярли минимал маошга тенг – анчагина қиммат. 

Бир гуруҳ ижодкорлар Туркия сафарида бўлдик. Ўргансак бўладиган жиҳатлар ичида байроққа муносабат кўпчилик қатори шахсан мени ҳам лол қолдирди. Бу юртда байроқ шунчаки давлат рамзи эмас, инсонларнинг вужуд-вужудига сингиб кетган, энг кўзга кўринарли жойлардан, кишиларнинг уйи тўридан, деразасидан, машинасидан ва ҳатто елкасидан тушмайдиган бир восита экан. Тоғлар чўққисида байроқ, денгиз бўйларида байроқ, биттагина тошдан иборат оролчага ҳам байроқ қадалган. Шаҳарлар орасида кетаркансиз ҳеч ким яшамайдиган жойларда ҳам баҳайбат қувурлар кўкка ўрлаб, учида улкан байроқни ҳилпиратиб турганига гувоҳ бўласиз. Катта йиғинларда, стадионларда тўғондан тўкилган сув каби мавжланиб кенгайиб борувчи байроқларнику қўяверинг...

Фото: Шерзод Икрамутдинов
Фото: Шерзод Икрамутдинов

Байроқ кўчаларда шунчаки совға қилиб кетилаверади. Сотилса ҳам қиммат эмас, ҳеч ким харид қилишга оғринмайди. Тарихни, бугунни ва келажакни акс этган шу бир парча мато шу қадар эъзоздаки, бу давлатнинг ҳар бир фуқароси ўзини байроқдан айро тасаввур қила олмайди.

Биз ҳам ватанимизни ҳар қандай турк қардошимиздан кам севмаймиз, бу аниқ. Шу юртнинг ям-яшил тоғларию, сап-сариқ саҳроларидаги ҳар зарра қуми ҳам биз учун азиз. Ким бу гапларни баландпарвоз деб тушунча, хориждаги ватандошларимиз билан бир бир суҳбатлашсинлар. Лекин ватаннинг асосий рамзи – байроққа муҳаббатни ҳам алоҳида ўйлаб кўрсак арзийди. 

Фото: Шерзод Икрамутдинов
Фото: Шерзод Икрамутдинов
Фото: Шерзод Икрамутдинов
Фото: Шерзод Икрамутдинов
Фото: Шерзод Икрамутдинов
Фото: Шерзод Икрамутдинов
Фото: Шерзод Икрамутдинов
Фото: Шерзод Икрамутдинов
Фото: Шерзод Икрамутдинов

Истардикки, у ҳар қадамда бўлсин! Айниқса катта йўлларимиз бўйида, шаҳарларимиз марказларидаги майдонларда, баланд биноларимиз устида улкан байроқлар чиройли ҳилпираб турсин! Ҳар кўрганимизда шу ВАТАНнинг бир бўлаги эканлигини ҳис қилиб яшайлик!

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид