Ўзбекистон | 20:00 / 02.08.2017
10682
6 дақиқада ўқилади

Олтита қонун лойиҳаси ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ташаббуси билан киритилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 июлдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сўзлаган маърузасидан келиб чиққан ҳолда  ЎзЛиДеП фракцияси ўз фаолиятини тубдан яхшилаш борасида фаол иш олиб бораётганлигини кеча ва бугун ўтказилган ялпи мажлисдаги фракциямиз аъзоларининг иштирокида кўриш мумкин.

Икки кун давом этган ялпи мажлис кун тартибида кўриб чиқилган қонун лойиҳаларининг 6 таси депутатлар ташаббуси билан киритилган бўлиб, ушбу қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фракциямиз аъзоларидан Ш.Бафаев, М.Ходжаева, Э.Шукуров, И.Ходжиев, З.Ханиязов, Р.Хакимовлар фаол қатнашдилар. Бундан ташқари, Қонунчилик палатасига киритилган бошқа қонун лойиҳалари юзасидан масъул этиб бириктирилган 15 нафар фракциямиз аъзолари Э.Холбўтаев, Р.Кушербаев, Г.Худоярова, Ш.Шарафутдинов, А.Ҳамрақулов, И.Ходжиев, А.Матякубов, Т.Эшназаров, П.Свешников, С.Исмоилов, Қ.Эргашев, И.Зокиров, Н.Халилова, В.Цветков, З.Ханиязов мамлакат тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган  қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этди.  

Ялпи мажлисда муҳокама қилинган Қонун лойиҳалари хусусида гап борганда, партиямиз платформасига тўла мос бўлган, тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий асос бўлувчи “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасига алоҳида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Ушбу қонун республикада тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувини олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципини таъминлашнинг амалий чораларини кучайтиришга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, ўтган 26 йил давомида мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ўзига хос тизими яратилди. Хусусан, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш борасида 2000 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг бўлинмалари фаолият кўрсатиб келаётганлиги алоҳида эътирофга лойиқ.

Қонун лойиҳасини кўриб чиқишда уни концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда фракциямиз томонидан Вакилнинг ҳуқуқларини янада кенгайтириш бўйича таклифлар берилди. Масалан, Вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди Пленуми, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилаётган мажлисларида иштирок этиши, шунингдек, тадбиркорлик йўналишида жиноят содир этиб гумонланувчи, айбланувчи ёки судланган тариқасида ушлаб турилган ёки қамоқда сақланаётган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган шахсларни ушлаб турилган жойларга монеликсиз киришига оид таклифлар илгари сурилди.

Кун тартибида кўрилган қонун лойиҳалари қаторида “Банк сири тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси фракциямиз аъзолари томонидан биринчи ўқишда қўллаб-қувватланиб, уни такомиллаштириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар билдириб ўтилгани фракциямизнинг партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш доимий эътибор марказида эканлигини кўрсатади.

Ялпи мажлисда жамият ҳаёти учун муҳим бўлган яна бир қонун лойиҳаси, яъни “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун лойиҳаси муҳокама этилиб, концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур қонун лойиҳаси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросида O‘zLiDeP тузилмалари иштирокини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар режасида ҳам ўз аксини топган.

Жамият ҳаётининг барча соҳаларини янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш жараёнлари изчил давом эттирилмоқда. Қайси соҳа ёки тармоқда бўлмасин, долзарб муаммолар аҳолимиз билан очиқ муҳокама қилиниб, уларнинг энг тўғри ечими ҳам масалани жойида ўрганилганда топилмоқда. Масалан, жойлардаги учрашувлар жараёнида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашдаги муаммолар кузатилиб, мазкур қонун лойиҳаси уларнинг ечими учун хизмат қилади.

Жумладан, ушбу қонун лойиҳаси:

Биринчидан,  жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг замонавий усулларини, яъни интерактив усуллардан кенгроқ фойдаланишни янада такомиллаштиришни назарда тутилаётганлиги;

Иккинчидан, мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларини нашр этиб борилишлиги;

Учинчидан, фуқароларни сайёр ёки видеоконференцалоқа ёрдамида масофавий қабул қилиш тартиби белгиланаётганлиги;

Тўртинчидан, “Халқ қабулхонаси”га оид қоидалар жорий этилаётганлиги;

Бешинчидан эса“Ишонч телефонлари” орқали мурожаатни қабул қилиш ва кўриб чиқиш каби масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Умуман олганда, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси кун тартибидаги барча қонун лойиҳаларининг депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилиши жараёнининг марказий телевидение орқали халқимизга тўғридан-тўғри намойиш этилиши, парламентдаги ҳар бир партия фракцияларининг позициясидан аҳолининг хабардорлигини янада оширишга хизмат қилади. Бу эса, Президентимиз таъбири билан айтганда, “миллий парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши” йўлида ташланган амалий қадамлардан биридир.

Содиқжон ТУРДИЕВ,

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

фракцияси раҳбари.

Мавзуга оид