Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ҳар уч сўмнинг бири назоратдан ташқарида қоляпти» – ЎзЛиДеПда яширин иқтисодиёт масаласи муҳокама қилинди
Мутахассислар бу ҳолатга нақд пул айланмасининг юқорилиги, бюрократик тўсиқлар ва расмий фаолият юритишдаги мураккабликлар сабаб бўлаётганини айтмоқда. Иқтисодиётни «соядан чиқариш» учун рақамлаштириш, нақдсиз тўловларни кенгайтириш ва қонуний фаолиятни рағбатлантириш зарурлиги таъкидланди. Қайд этилишича, муаммони фақат назорат механизмлари орқали ҳал этиш қийин.
Мазкур масала ЎзЛиДеП «Тараққиёт нуқтаси» мунозара клубининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинди.
Тадбирда келтирилган маълумотларга кўра, бугунги кунда яширин иқтисодиёт ҳажми мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб учдан бир қисмига тенг. Бу эса иқтисодиётда яратилаётган қийматнинг сезиларли қисми давлат назорати ва расмий ҳисоб-китоблардан ташқарида қолаётганини англатади.

Муҳокамалар давомида бир неча йиллардан буён амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамай, ушбу кўрсаткич нега кескин камаймаётгани масаласи ўртага ташланди. Мутахассисларнинг аксарияти бунинг асосий сабабларидан бири сифатида нақд пул айланмасининг юқорилигини кўрсатди. Шу боис, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш учун нақдсиз тўловларни янада кенгайтириш зарурлиги таклиф этилди.
Таъкидланишича, электрон тўловлар пул маблағлари ҳаракатини кузатишни енгиллаштиради, ҳисобга олинмаган айланмаларни қисқартиради ҳамда солиқ маъмурчилигини соддалаштиради. Халқаро тажриба ҳам иқтисодий шаффофликни оширишда айнан рақамли тўлов тизимлари муҳим воситалардан бири эканини кўрсатмоқда.
Иштирокчилар муаммонинг бошқа жиҳатига ҳам эътибор қаратди. Билдирилган фикрларга кўра, фуқаролар ва тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратилмас экан, уларни расмий иқтисодиётга жалб қилиш қийин бўлади.
Иқтисодиётни «соядан чиқариш» учун қонуний фаолият юритиш ноқонуний ишлашдан кўра манфаатлироқ бўлиши кераклиги қайд этилди. Акс ҳолда ортиқча харажатлар, бюрократик тўсиқлар ёки мураккаб тартиб-таомиллар тадбиркорларни норасмий фаолият юритишга ундаши мумкин. Тадбир иштирокчиларининг айтишича, бизнес учун қонуний ишлаш қулай бўлмаган шароитда энг қатъий назорат чоралари ҳам кутилган натижани бермаслиги эҳтимолдан холи эмас.
Тадбир давомида айрим бозорларда қўлланаётган тақиқловчи чоралар самарадорлиги масаласига тўхталинди. Хусусан, снюс ва никотинли паучлар мисол тариқасида келтирилди. Айрим иштирокчилар таклифига кўра, ушбу маҳсулотларга нисбатан чекловлар жорий этилгач, айланмасининг бир қисми норасмий секторга кўчиб ўтган бўлиши мумкин. Бу эса назорат тизими ҳамда солиқ маъмурчилиги нуқтайи назаридан қўшимча муаммоларни юзага келтиради.
Учрашув якунида яширин иқтисодиётни қисқартириш учун комплекс ёндашув зарурлиги таъкидланди. Хусусан, иқтисодиётни рақамлаштириш, молиявий инфратузилмани ривожлантириш, банк хизматлари оммабоплигини ошириш, давлат хизматларини соддалаштириш ҳамда қонуний фаолият юритишни рағбатлантириш устувор вазифалар сифатида қайд этилди.
Мавзуга оид
17:23 / 12.05.2026
Қуёш панели ўрнатган корхоналардан электрнинг харид нархи пасайтирилиши мумкин
17:55 / 17.04.2026
ЎзЛиДеП: "Халқ билан бирга” дастури доирасида 534 та муаммо ўрганилиб, 421 та ечим берилди
17:20 / 13.01.2026
Ховосда фермерларнинг ерлари оммавий тортиб олиняпти
23:20 / 16.06.2025