«Жамиятимиз равнақи йўлида ҳамкорлик зарур» сарлавҳаси билан самарқандлик кекса журналист Тошпўлат Раҳматуллаевдан ИИВ раҳбари Абдусалом Азизов номига очиқ хат эълон қилинди. Очиқ хатда кўрсатиб ўтилган вазиятларга ҳар бир журналист мубтало бўлиши мумкинлигидан, уни ўз сайтимизда эълон қилишга, мутасаддиларни мушоҳадага чорлашга қарор қилдик.

«Ҳурматли Абдусалом Абдумавлянович!

Ички ишлар органи ходимлари меҳнати давлат ва жамият учун қанчалик зарур эканлигидан, улар фаолиятидаги қийинчиликлардан озми-кўпми хабардорман. Худди шундай жамият ва давлат келажаги ва ривожу равнақи учун журналист фаолияти ҳам муҳим саналади. Журналист давлат ва жамиятни боғлаб турувчи ҳалқадир, у аҳолининг хабардорлигини ошириш йўлида заҳмат чекади ва шу орқали одамларни онгли равишда фаоллик кўрсатишга ундайди.

Агар оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ходимлари ишига сунъий тўсиқ қўйиладиган бўлса, у ҳолда улар ўзларининг масъулиятли ишларини бажара олишмайди. Бундан журналистлардан кўра жамият кўпроқ зарар кўради. Шу нуқтаи назардан ўзим билан бўлиб ўтган воқеани таҳлил қилиб кўрайлик.

2017 йил 1 август эрталаб тест синовларининг бошланиши ҳақида репортаж тайёрлаш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалининг янги биносига бордим. Ундан аввал йўл-йўлакай СамМИ абитуриентлари имтиҳон топшираётган лицей ёнидан ўтаётиб, вазият билан танишдим ва суратлар олдим. ТАТУ биноси олдида бўлган воқеа тафсилотлари ҳақида ёзганларим Интернет тармоғида мавжуд.

Фақат шуни уқтирмоқчи эдимки, у ердаги подполковник унвонидаги зобит юзлаб кишилар кўз ўнгида содир бўлаётган ҳолатни суратга олишга, ахборот йиғишимга, демакки, журналистик фаолиятни олиб боришимизга тўсқинлик қилди.

Ушбу очиқ хатни ёзишимдан мақсад — Сизга бўлган воқеанинг тафсилотини баён қилишдан иборат эмас. Бу хабар кенг тарқалди ва Сиз ёки мутасаддилар уни ўрганиб, бирор-бир қонуний хулоса чиқарасизлар, деб уйлайман. Шунингдек, подполковникнинг хатти-ҳаракатига прокуратура органлари ҳам мавжуд қонунчилигимиз асосида баҳо берар. Бу ерда эътиборингизни ички ишлар органлари билан оммавий ахборот воситаларининг яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш нақадар муҳимлиги ва бу масала айни кунларда долзарблик касб этаётганлигига қаратмоқчи эдим.

Ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти билан боғлиқ мавзулар доимо аҳолида қизиқиш уйғотиб келган. Шундан фойдаланиб, ички ишлар органлари ОАВ билан ҳамкорликни кучайтириши зарур. Бу ҳамкорлик ички ишлар органи олдида турган қатор вазифаларни ҳал қилишда ёрдам бериши кундек равшан. Айниқса, жамоатчилик ўртасида ички ишлар органларининг ижобий имижини шакллантиришда, соҳа ходимларининг обрў-эътиборини оширишда ОАВ кўп иш қилиши мумкин. Журналист ўз чиқишлари орқали соҳа ва унинг ходимлари ишини кенг оммага тарғиб қилади ва улар атрофида жамоатчилик фикрини шакллантиришга ёрдам беради.