Anhor.uz сайти бош муҳаррири Лола Исломова Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг янги Бош директори Лазиз Тангриевга очиқ хат йўллади.

Очиқ хат рус тилида ёзилган ва унинг мазмуни қуйидагича:

«Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорига очиқ хат

Ҳурматли Лазиз Хушбоқович!

Асосий вазифаси мулкчилик шаклидан қатъи назар, оммавий ахборот воситаларининг мустақил фаолиятини амалга оширишга бўлган Конституциявий ҳуқуқларига ва тегишли қонун ҳужжатларига, сўз ва матбуот эркинлиги кафолатларига сўзсиз риоя қилиниши мониторингини олиб боришдан иборат бўлган идоранинг (ЎзМАА Низомида шундай ёзилган) раҳбари сифатида сизга мурожаат қилмоқчиман.

Мустақил журналистика — демократик жамиятнинг асосий белгиларидан бири, мустақилликка эришган Ўзбекистон ҳаётидаги янги саҳифа ҳисобланади. ЎзМАА раҳбари кўп йиллардан бери ОАВ вакилларига баёнот билан чиқиш қилгани қувонарли, албатта. Сизнинг ОАВ вакилларига баёнот тарзида ёзилган «Маънавиятга зарар етказганларни аямаймиз» мақолангиз журналистлар ўртасида қизғин муҳокама ва таажжуб келтириб чиқарди.

Объектив ва конструктив танқид — ўз-ўзидан, тараққиётнинг кучли воситаларидан бир саналади ҳамда камчиликларни кўриш ва бартараф этишда, ҳар қандай ишни олдинга силжитишда ёрдам беради. Бироқ айнан шу воситадан жуда эҳтиёткорлик билан фойдаланиш керак. Сизнинг баёнотингиздан кейин эълон қилинган «Оғриқли нуқта» мақоласи журналистика тақдири учун ташвишланишга мажбур қилмоқда.

Менимча, мамлакат фуқаролари таниқли инсонлар ҳаётининг қандай саҳифаларини билиши «керак»лиги ва қайсиларини билиши «мақбул эмас»лигини аниқлаб бериш — нафақат алоҳида бир шахсларнинг, ҳаттоки ҳеч бир давлат идораси шуғулланишга ҳақли бўлган нарса эмас. Бу инсон нафсониятининг энг нозик торларига тегувчи, энг муҳими — Ўзбекистон Конституцияси билан кафолатланган ахборот олиш ва алмашиш ҳуқуқини поймол этиш ҳисобланади. Ҳеч бир шахс унга бошқа бир шахслар гуруҳи ёки идора нималарни билиш мумкинлиги ва нималарни билишига ҳали эрта эканлигини аниқлаб беришига ҳеч қачон рози бўлмайди.