Таниқли журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг «Ҳоким – ким: иш бошқарувчими ё мутлақ ҳукмдор?» сарлавҳали мақоласи ЎзА’да эълон қилинди. Қуйида мақоладан айрим парчалар келтирилади.

«Кейинги пайтларда маҳаллий ҳокимият тизимидаги камчиликлар, айниқса, ҳокимларнинг оддий фуқаро билан муносабати, аҳоли муаммоларини ҳал этишда эскича ёндашувдан қутула олмаётганлиги танқид қилинмоқда. Нима, бу муносабат илгари рисоладагидек эди-ю, энди ёмон бўлдими? 

Албатта, йўқ. Авваллари аҳвол бундан ўн чандон ёмонроқ эди. Оммавий ахборот воситаларининг анча эркин ва очиқ фаолият юритишига яратилган шароит амалдорларнинг кирдикорлари ҳақида очиқ сўз юритишга йўл очди. Юртдошларимиз энди “катталар”нинг ҳамма айтганларини ичга ютмасдан, эркин гапирадиган, журналист билан баҳам кўрадиган бўлди. 

Аҳоли туман, шаҳар, вилоят биринчи раҳбарларининг ўз зиммасидаги вазифаларни қандай бажараётганлигига, ўзгаларга бўлган муносабатига қараб давлатга баҳо беради. Демократик мамлакатларда аҳоли муаммоларининг 80 фоизи маҳаллий давлат органлари даражасида ҳал бўларкан. Президентимиз уқтиргандек, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қиладиган бўлса, бу биринчи навбатда, маҳаллий бошқарув органлари фаолияти орқали намоён бўлмоғи лозим.

Бизда ҳокимлар вазифага тайинланганлигидан кўп ўтмасдан “бузила” бошланишига ёки халқимиз оддийгина айтгандек, оёғи ердан узилишига сабаб нима? Буни фақат уларнинг шахсий қусурлари билан изоҳлаб бўлмайди. Ахир, тайинлашдан олдин улар кўплаб текширувлардан ўтади-ку! Ёки текширувлар (текширувчилар) мезонида бир гап борми?

Бу ҳолнинг асосий сабаби жойларда биринчи раҳбарнинг ҳокими мутлаққа айланишига олиб келувчи шароит ва имконият яратиб қўйилганлигидадир. Улар нафақат аҳолига, балки ўзидан пастда турувчи давлат органлари олдида ҳисоботлар эмас ва танҳо мансаб пиллапоясида ўзидан юқори турувчилар айтганини сўзсиз бажаради. Шундан улар ўз фаолияти давомида “паст”га эмас, доимо “тепа”га қараб иш кўради.

Одамларни менсимаслик, ўз устидан назоратни йўқотиб, катта-кичик йиғилишларда ўзгаларни камситиш, ҳақоратлаш каби иллатлар баъзи бир ҳокимлар учун одатий ҳолга айланди. Олдинги ҳоким қабул қилган ҳужжатларни, айниқса, ер ажратиш ҳақидаги қарорини бекор қилиш, ер майдонларини бошқаларга бериб юбориш каби ҳолатлар ҳам талайгина. Бунга истаганча мисол келтириш мумкин. 

Ҳокимлар аҳоли ҳузурига бирор-бир масалани ҳал қилиш учун борса, ўзи билан прокурор ва ички ишлар органи бошлиғини олиб боради. Лекин улар доим ҳам ҳал қилиниши лозим бўлган муаммога дахлдор бўлмаслиги мумкин. Кўпчилик гувоҳ бўлган бўлса керак: ҳовли-жойни бузиш, фермерни топшириқни вақтида бажармадинг деб тергаш, бир тадбиркор мулкини бошқаси фойдасига олиб қўйиш лозим бўлган пайтда ҳоким ёнида ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбари ҳозир бўлади. Давлат бошқарув органи раҳбари ҳатто ноқонуний ҳаракат қилган пайтда улар – қонун посбонлари – жим туради», - деб ёзади журналист.