Жамият | 18:10 / 06.08.2017
26452
3 дақиқада ўқилади

Фото: Ҳаж-2017 ишчи гуруҳи зиёратчилар учун шароитлар ҳозирланди

Ҳар йили минглаб ўзбекистонликлар Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этиб келмоқда. Зиёратчилар хотиржам ва бемалол ибодат қилишлари учун йилдан-йилга шарт-шароитлар яхшилаб борилмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита айни кунларда ишчи гуруҳ ходимлари Макка ва Мадина шаҳарларида бу йилги ҳаж мавсумига қизғин тайёргарлик ишларини бошлаб юборишгани ҳақида маълумот берди.

Зиёратчилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхона тоза ва озода ҳолга келтирилиб, барча шарт-шароитлар муҳайё қилинмоқда.

Зиёратчилар Макка шаҳрининг «Азизия» даҳасидаги кўркам, 23 қаватли, ҳашаматли «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонасида истиқомат қилишади. Ушбу меҳмонхона жуда ҳашаматли бўлиб, Макка шаҳрининг узоқ-узоқ чеккаларидан ҳам кўриниб туради.

Меҳмонхонанинг кенг зали киши диққатини ўзига тортади. У ерда янги, қулай ўриндиқлар жойлаштирилган бўлиб, кўчадан чарчаб келган одам учун салқинланиб олишга мўлжалланган.

Зиёратчи ўз хонасига кўтарилмоқчи бўлса, ҳар бирига 21 нафардан одам сиғдира оладиган бир нечта лифтлар мавжуд. Бу лифтлар шундай дастурланган-ки, битта тугма босилса, сиз турган жойга энг яқин лифт дарров етиб келиб, истаган қаватингизга олиб чиқади.

Ҳар бир хона 4 кишига мўлжалланган бўлиб, ётоқхонада ҳали охори тўкилмаган кўрпа-ю чойшаблар тўшаб қўйилган. Хонадаги телевизор орқали Каъбаи муаззама ёки Масжидун Набавийни тўғридан-тўғри томоша қилиб ўтириш мумкин.

Шунингдек, ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич ҳам мавжуд. Хоналар ўзгача дид билан безатилган. Маккадаги Ҳаж ишлари бўйича ҳамкорларимиз айтганидек: «Мақсад – ҳожилар роҳатлансин!». Албатта, зиёратчиларимиз у ерга бориб жойлашгач, шарт-шароитлар шукронасини қилиб, чиройли, кенг ва озода хоналарга жойлашиб, ибодат ҳаловатини тотиб, юртимиз, халқимиз ҳақига дуои хайёрлар қилишлари нақадар улкан бахт! Ҳаж сафарига отланаётган юртдошларимизни Аллоҳ таоло ибодат ва дуоларини қабул қилиб, сафарларини бехатар айласин!

7-23 август кунлари 7346 нафар ўзбекистонлик Ҳаж зиёратини амалга ошириш учун жўнаб кетади

Мавзуга оид