Жаҳон | 22:22 / 08.08.2017
9527
2 дақиқада ўқилади

Берлин: Голландиядан Германияга келтирилган тухумлар зарарли модда билан атайлаб заҳарланган

Фото:Francois Lenoir - RTS1ARL8

Голландиядан Германияга келтирилган тухумлар фипронил инсектициди зарарли моддаси билан атайлаб заҳарланган. Бу ҳақда Германия қишлоқ хўжалиги вазири Кристиан Шмидт маълум қилди, деб хабар берди ARD ахборот агентлиги.  

"Бу жиноят, мутлақ равшан ", деб таъкидлаб ўтган Шмидт ва бу вазиятда олдини олиш тизими ишламаганини қўшимча қилган. У ишнинг ойдинлигини таъминлаш ва вазирликлар ўртасида ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш учун Нидерландия ва Бельгияга экспертлар жўнатган.

Аввалроқ Британия ва Францияда таркибида фипронил бўлган тухумлар аниқланганди.

ОАВ маълумотларига кўра, Голландиядан Германияга фипронилли 1 млн дона тухум етказилган. Шунингдек, хавфли тухумлар Бельгияда ҳам аниқланган. Учта давлат ҳукумати хавфли маҳсулотнинг сотувдан олиниши ҳақида буйруқ берган. Таъкидланишича, тухумларда аниқланган фипронил миқдори катталар учун хавфсиздир, бироқ болалар саломатлигига путур етказиши мумкин. Айни вақтда жабрланганлар ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

Фипронил бурга, бит ва каналарга қарши қўлланади. Ушбу воситани гўшти инсон томондан истеъмол қилинишга мўлжалланган ҳайвонларни даволашда қўллаб бўлмайди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид